«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
20:57, 05.03.2020 132461

«Дарё» оқшоми: Коронавирус бўйича 5 мартнинг асосий хабарлари

Касалланганлар ва вафот этганлар

Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси мамлакатда 4 март ҳолатига кўра, янги турдаги COVID-19 коронавируси оқибатида 31 киши вафот этгани, ушбу касаллик билан вафот этганларнинг жами сони эса 3 мингдан ошиб кетгани ҳақида хабар берди. Вирус яна 139 кишида аниқланган.

Фото: «РИА Новости»

Даволанишга муваффақ бўлган беморлар сони 2189 нафарни ташкил қилмоқда, уларга шифохонадан жавоб берилган. Шундай қилиб коронавирусдан даволанишга муваффақ бўлган беморларнинг жами сони 52 045 кишига етди. Мамлакат бўйлаб 669 мингдан ортиқ одам текширувлардан ўтказилган.

Ҳозирги вақтга келиб Хитой ҳудудида 80 409 киши касалликни ўзига юқтириб олган бўлиб, вафот этганлар сони Хитойда 3012 кишини ташкил этмоқда.

Испания Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирусга чалинган беморлар сони 200 нафарга етганини хабар қилди. Инфекция оқибатида вафот этганларнинг сони 2 нафарни ташкил қилмоқда.

Италияда COVID-19 коронавируси оқибатида пайдо бўладиган пневмония касаллиги туфайли вафот этганлар сони 107 нафарга етди, коронавирусни юқтириб олганлар сони эса 3089 нафарни ташкил этади.

Фото: New York Post

АҚШнинг Вашингтон штатида COVID-19 коронавируси келтириб чиқарган пневмония касаллигидан вафот этганлар сони 10 нафарга етган. Вафот этганларнинг кўп қисми соғлиғи заиф ва кекса кишилар бўлгани қайд этилмоқда. 4 март ҳолатига кўра, АҚШда коронавирус билан касалланган беморлар сони 128 нафарга етган. Уларнинг асосий қисми Вашингтон ва Калифорния штатида қайд этилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Эронда коронавирус билан зарарланиш бўйича тасдиқланган ҳолатлар сони 2336 тага етган.

4 март куни Венгрияда COVID-2019 коронавируси билан касалланиш бўйича икки ҳолат қайд этилди. «Бизда коронавирусни юқтириш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Инфекцияни юқтирган икки бемор шифохонага ётқизилди», — дейди Венгрия бош вазири.

Жанубий Кореяда коронавирус қурбонлари сони 35 кишига етдиМамлакатда коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 5766 нафарга етди.

Фото: Reuters

Сингапурда 100 дан ортиқ киши вирусни юқтириб олган. Шунигдек, 5 март, пайшанба куни, мамлакатга Туркиядан учиб келган фуқарода коронавирус аниқланди. «Сингапур Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4 март куни кечқурун Туркиядан учиб келган йўловчида COVID-19 коронавируси аниқланганини тасдиқлади», — дейилади хабарда.

 Ўзбекистондаги вазият

Буюк Британиянинг The Telegraph журнали Ўзбекистонни сайёҳлар ташриф буюриши мумкин бўлган коронавирусдан холи 19 давлатлар рўйхатига киритдиНашр саргузашт истовчи сайёҳларга бориш тавсия этиладиган 50 та туристик йўналиш рўйхатини тузиб чиққан, рўйхатнинг биринчи поғонаси Ўзбекистонга насиб этди.

Фото: «Дарё»

Аввалроқ Давлат туризм қўмитаси Ўзбекистонни коронавирусдан холи мамлакат сифатида тарғиб қилмоқчи эканлиги хабар берилган эди.

Uzbekistan Airways Жанубий Кореядан фуқароларни қайтариш эвакуация бўлмаганини тасдиқлади. Компаниянинг маълум қилишича, эвакуация жараёни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг йўриқномаси асосида амалга оширилади.

Фото: Telegram

Ўзбекистонда коронавирус тарқалганини рад этган ССВ аҳолини касалликдан ҳимояланишга ундовчи SMS’лар жўната бошлади. «Соғлиқни сақлаш вазирлиги огоҳлантиради: Коронавирусдан ўзингизни ва бошқаларни асранг! Қўлларни тез-тез совунлаб ювинг!», — дейилади вазирлик томонидан юборилган SMS хабарда.

Скрин: «Дарё»

Uzbekistan Airways Сеулдан чартер рейсни амалга оширади. Аэропортда йўловчиларни кутиб олмаслик сўралмоқда.

Жаҳондаги вазият

Тожикистоннинг дин, халқ анъаналари, тантаналар ва урф-одатларни тартиблаштириш ишлари бўйича қўмитаси матбуот котиби Афшин Муқим Тожикистонда коронавирус эпидемияси ортидан масжидлар жамоат намозларини ўқиш учун вақтинча ёпилишини маълум қилган.

Фото: Tasnim

Шунигдек, Эроннинг барча вилоятлардаги маъмурий марказларида янги турдаги коронавирус сабаб жума намозлари расман бекор қилинди. «Коронавирус тарқалишини назорат қилиш бўйича миллий штабнинг қарорига кўра, мамлакатнинг барча вилоятлардаги маъмурий марказларида ушбу ҳафтада жума намози ўқилмайди», — дейилади хабарда. Ўтган ҳафта Теҳронда жума намозлари бекор қилинган эди.

Эрондаги баланд бинолардан бирига коронавирусдан ҳимоя ниқоби монтаж ёрдамида «кийдирилди». Роликнинг яратилиш тарихи ва ундаги махсус эффектларнинг сирлари ҳақида.

Пекин университети олимлари COVID-19 инфекциясини келтириб чиқарадиган коронавирус бутун дунё бўйлаб тарқалиш жараёнида эволюцион ўзгаришларга учраганини маълум қилди. Мутахассислар аввалига инфекциянинг SARS-CoV-2 ва бошқа коронавируслар билан молекуляр дивергенциясини таҳлил қилган. Гарчи COVID-19 ва SARS-CоV-2 геномларидаги тафовут 4 фоизни ташкил қилса ҳам, нейтрал мутациялар бўйича фарқ 17 фоизга етган. Бу икки вируснинг аввал тахмин қилинганидан ҳам бир-бирига ўхшаш эмаслигини англатади.

Фото: Reuters

Таиланд давлат хизматчилари учун хизмат юзасидан чет элга чиқишини чеклади ва коронавирус инфекцияси хавфи юқори бўлган мамлакатлардан қайтиб келганидан кейин улар учун 14 кунлик мажбурий карантин жорий этди. Шошилинч зарур бўлган хизмат сафарлари бундан мустасно.

Индонезия ҳукумати коронавирус билан касалланган фуқароларни кимсасиз Галанг оролига жойлаштиришни режалаштирмоқда. Коронавирус билан касалланганлар Галанг оролида 1979—1996 йилларда ветнамлик қочоқлар учун мўлжалланган лагернинг сақланиб қолган бир нечта биносига жойлаштирилади.

Саудия Арабистони ўз фуқароларига ҳам Умра зиёратини тақиқлаб қўйди. Маълум қилинишича, коронавирус билан боғлиқ ҳолат ижобий томонга ўзгарсагина бу тақиқ бекор қилинади.

Испания Соғлиқни сақлаш вазирлиги гарчи COVID-19 ёш болаларда кузатилганига қарамай, коронавирусдан ҳимояланишнинг эҳтиёт чораси сифатида мактаблар ёпилмаслигини эълон қилган.

Ниқоб тақиб, қарта ўйнаётган эркаклар.

Фото: Reuters

Италияда эпидемия тарқалгани сабабли барча таълим муассасалари 15 мартга қадар ёпиб қўйилган. ЖССТ маълумотларига кўра, Италия Жанубий Корея ҳамда Эрон билан биргаликда эпидемия ўта хавфли тарзда тарқалаётган мамлакатлардан бири бўлиб турибди.

Москвада интернет орқали коронавирус тарқалиши ҳақида асоссиз хабарлар тарқатганликда гумонланиб, бир неча киши қўлга олинди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳозирда асоссиз хабарларни ўчириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Американинг Калифорния штатида коронавирус сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда штат губернатори Гэвин Ньюсга хабар берди. «Ушбу қарор нафақат бир кишининг фожиавий ўлими, балки бошқа вазиятлар сабаб қабул қилинди», — дейди губернатор. Унинг таъкидлашича, бу каби чора-тадбирлар касаллик тарқалишига қарши курашиш учун федерал захирадан маблағ олиш зарурати билан боғлиқ.

Twitter ижтимоий тармоғи коронавирус билан боғлиқ рекламалардан даромад олишга уринишларга қарши курашишини маълум қилдиИжтимоий тармоқнинг баёнотига кўра, реклама берувчиларнинг коронавирус билан боғлиқ ҳар қандай рекламаси блокланади.

Кристалина Георгиева.

Фото: Bloomberg

Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристалина Георгиева Жаҳон бозоридаги асосий нефть етказиб берувчи компаниялар дунёда нархларнинг кескин пасайгани туфайли тахминан 10 миллиард доллар миқдорида зарар кўргани ҳақида маълум қилди.

Германиянинг Lufthansa компанияси COVID-2019 коронавируси инфекцияси туфайли 150 та самолётни эксплуатациядан чиқаришни режалаштирмоқдаWestern Union коронавирус туфайли Хитойга пул ўтказмалари билан боғлиқ муаммолардан огоҳлантирди.

Фото: «Pixabay.com»

Хитойда коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини бошланиши мумкинлиги тахмин қилинди. Коронавирус тарқалишини аниқловчи математик модел яратди. У кузда касалликнинг янги тўлқини бўлишини башорат қилди.

Ҳар куни кечқурун фақат битта хабар жўнатамиз. «Дарё» оқшоми — кун давомида рўй берган барча воқеа-ҳодисалар дайжести Telegram-канали: @daryooqshomi

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c

Бошқа янгиликлар