Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Томск вилоятида ҳалок бўлган ўзбекистонликлар оиласига ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга таъзия билдирди.

Фото: Chechnyatoday.com

«Томск вилоятида фожиа юз берди. Ҳодиса оқибатида 10 нафар Ўзбекистон фуқаролари вафот этди. Бу уларнинг қариндош ва яқинлари учун катта йўқотиш. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва қурбон бўлганларнинг оилаларига чуқур таъзия изҳор қиламан. Аллоҳ уларни раҳмат қилсин», — деб ёзган Рамзан Қодиров ўзининг Telegram-каналида.

Эслатиб ўтамиз, 21 январь куни Москва вақти билан соат 00:05 да Россиянинг Томск вилояти Асино тумани Причулимский аҳоли яшаш пункти Свобода кўчасидаги бир қаватли ёғочдан қурилган уйда ёнғин содир бўлган. Ушбу хонадонда 12 нафар Ўзбекистон фуқароси яшаган. Улардан 10 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган ва икки нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилган. Улар «Гринвуд» ёғоч тайёрлаш компанияси ишчилари бўлган. Шунингдек, ёнғинда бир нафар рус аёли ҳам вафот этган.