Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Мана 2019 йилнинг охирги куни ҳам ўтмоқда. Бу йили халқимиз ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлди? Жамиятимизга қандай ислоҳотлар каттароқ таъсир кўрсатди? Нималарга эришдик ва нималардан айрилдик? «Дарё» 2019 йилнинг энг асосий янгиликларини санаб ўтади.

Шубҳасиз, халқимиз ҳаётига таъсир кўрсатган ислоҳотлардан бири солиқдаги ўзгариш бўлди. Солиқ ислоҳоти ўтказилиши заруриятини мутахассислар кўп йиллардан бери айтиб келишар, ҳаракат ҳам бошланган эди. Аввалги солиқ тизими мамлакат иқтисодини турғун ҳолатга келтирди, бироқ ҳукумат хатоларни кеч бўлса-да англаб, тузатаётганини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Тўғри, 2019 йил импортни чеклаш ва протексионизмнинг кучайиши билан кечди. Бироқ даромад солиғининг барча учун бир хил 12 фоиз этиб ўзгартирилганлиги, бу йилнинг энг муҳим воқеаларидан бўлди, дея баралла айтиш мумкин.

* * *

Мустақилликдан сўнг катта режалар билан ташкил этилган «Камолот» ҳаракати узоқ йиллик бошқарув натижасида бир қолипга тушган, ўзгаришлардан мосуво расмий бир ташкилотга айланганди, десак хато бўлмайди. Уч йил муқаддам Ёшлар иттифоқи дея ўзгартирилиши фақат косметик ўзгартириш бўлди, чунки тизимли ўзгариш бўлмас экан, фақат ном ўзгариши самарасиздир.

Фото: Sputnik

Фото: Sputnik

Ўқувчиларимизга «такси воқеаси» ва бошқа кулгили ҳолатлар билан таниш, танқидларга нишон бўлган Ёшлар иттифоқи бу йил ўзгарди. Ҳукуматдаги энг ёш аъзо Алишер Саъдуллаев ёзнинг сўнгги кунларида иттифоққа бош бўлгач, ташкилотнинг ҳурмати сезиларли тикланди, энг камида беписанд гаплар йўқолди. Зотан Ёшлар иттифоқига ёшларни бош қилиш мантиқан тўғрилиги исботини топди. Алишер бошчилигидаги иттифоқ фан ва маданиятга доир лойиҳаларни амалга оширишга киришди, хориж сафарида бўлди.

* * *

Кириш имтиҳонларида тест тизими жорий этилганига йигирма уч йилдан зиёд вақт ўтган бўлса, абитуриентларда ҳамиша бир ОТМга ҳужжат топшириш имкони бўлган. Бу эса мамлакатда олий таълимга бўлган эҳтиёж йилдан йилга ошишига, кириш балларининг сунъий кўтарилиши, абитуриентлар ўртасида ОТМ, хусусан Давлат тест маркази, тест синовларидаги саволларга ишончсизликка сабаб бўлган. Асли дунёнинг аксар мамлакатларида талаба бўлишни истаганлар учун бунчалик чеклов йўқ – бирдан ортиқ ОТМга ҳужжат топшириб, ўтганида ўқийвериши мумкин. 2019 йил абитуриентлар учун ҳам қувончли бўлди. Уларга учтагача ОТМга ҳужжат топшириш имкони яратилди. Бу кириш имтиҳонларини ташкил этишда жуда сезиларли ўсишдир. Чунки энди абитуриент фақат бир марталик имтиҳон учун бир йил вақтини тикмайди, стрессда қолмайди. Абитуриент қизлар учун эса 1 август имтиҳонидан ўтолмаса, турмушга чиқариб юбориш таҳдиди уч баравар пасайди.

* * *

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов турли иттифоқларга қўшилишни мустақиллик учун хавф деб ҳисоблаб келгани сир эмас. Ислом Каримовнинг ўгитларига риоя қилган ҳолда уч йил ўтказдик, мустақилликка таҳдид қилувчи иттифоқларга, хусусан сўнгги вақтда зўр бериб чақирилаётганимиз Евросиё Иқтисодий иттифоқига қўшилишга мойиллик билдирмадик. Бироқ Россия Федерацияси томонидан элчилар пайдар-пай келиши давом этмоқда ва ахборот қутқулари янги кучлироқ фазага кўчди. Шу билан бирга партияларимиз, ҳукуматимиз аъзолари тарафидан ЕОИИга қўшилиш унчалик хатарли эмас, билъакс фойдалилигига оид баёнотлар янграй бошлади. Шундай қилиб, 2019 йил Ўзбекистон Евросиё Иқтисодий иттифоқи сари мойиллашув йили бўлди, деб айтиш мумкин.

Фото: «TurkishNews.com»

Фото: «TurkishNews.com»

* * *

Якка шахснинг тақдири йиллик ўзгаришлар сафидан ўрин олиши мумкинми? Мумкин, қачонки ижтимоий фаоллик, фуқаровий позициянинг кескинлигига алоқадор бўлса. Чунки унга юз минглаб назарлар тикилади ва воқеа оқибатини кутиб, шунга мос хатти-ҳаракат қилади. Шу йилнинг сентябрида Урганчда масъуллар эътиборини жалб этиш учун кўча юришига чиққан Нафосат Оллошукурова руҳий асаб касалликлари диспансерига жойланди. Нафосатга яқин манбалар у соғломлигини таъкидлагани ҳолда у шифохонага жойланиши жамоатчиликда акс-садо бермасдан қолмади. Омбудсман Оллошукурова билан учрашди, АОКА директори шахсан муносабат билдирди.

Декабрнинг охирида тиббий экспертиза Оллошукурованинг «саломатлигини яхши деб топганлиги» учун шифохонадан чиқарилди.

* * *

Узоқ йиллардан бери Ўзбекистоннинг халқаро обрўсига соя солиб келган, афкор оммаси томонидан «энг мудҳиш зиндон» дея таърифланган Жаслиқ қамоқхонасининг ёпилиши ҳам 2019 йилга тўғри келди. Оддий аҳолига Жаслиқ хусусида кўп нарса маълум бўлмаса-да, маҳкумлар кўп маълумотни билади ва ошкор этмайди. Бироқ қамоқхонанинг кўздан паналиги унинг ёпилиши нақадар улкан амал эканлигига соя солмайди. Human Rights Watch вакили Стив Свердлов Жаслиқ ёпилишини «фантастик янгилик» деб, президентнинг қарорини сиёсий жасорат деб атади. АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Памела Спратлен «Янги Ўзбекистонга Жаслиққа ўхшаш масканлар керак эмас», дея муносабат билдирди. Шунингдек, БМТ ва Европа Иттифоқи бу зиндоннинг ёпилишини олқишлади.

Фото: The Economist

Фото: The Economist

Яна бир воқеа Ўзбекистондаги ўзгаришлар дунё томонидан тан олинаётганини билдирди. Ўзбекистон Британиянинг The Economist журнали версиясига кўра «Йил давлати» деб топилди. Журналнинг ёзишича, мажбурий меҳнат сезиларли камайтирилгани, Жаслиқнинг ёпилгани, хорижлик журналистлар мамлакатга киритилаётгани бу эътирофга сабабдир.

* * *

Ва ниҳоят янгиликларимиз сўнгида Ўзбекистонда йилнинг асосий воқеаси бўлган сайловни айтиб ўтмасак бўлмайди. Декабрь парламент сайловлари сўнгги йигирма йилликда энг қизғин ва қизиқарлиси бўлди деб айтиш мумкин. Телевидение орқали мунтазам узатилган «Демократик дебат» фикрлар қарама-қаршилигини мамлакат аҳлига намойиш этди, партия фаолларини журналистлар ва блогерлар саволлар ва танқидларга кўмиб ташлади. Авваллари тинчлик ва лоқайдлик узра ўтувчи сайловлар бир қадар жонлангани сезилди. Хусусан, интернет оламида танилган бир гуруҳ блогерлар ҳам сайловларга ўз номзодини қўйгани фуқаровий фаолликнинг юксалиши деб атасак бўлади. Айрим сайлов участкаларида жараён жонли трансляция қилинди. Қатор хорижий журналистлар сайловни кузатишга таклиф қилинди, хусусан ЕХҲТ вакиллари аҳоли фикрини ўрганди ва танқидий фикрларини яширмади.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан мухолифат борасида баёнот берилгани сенсацион ҳолат бўлди. «Мухолиф партияларсиз жамиятда плюрализмни таъминлаб бўлмайди», деб фикр билдирди Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса мухолифатга қарши эмаслигини, бироқ у мамлакатнинг ўзида шаклланиши кераклигини айтди.

Янги йил Ўзбекистонга янада баракали келишини тилаб қоламиз!

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
«Дарё» кундалигида 9 декабрда содир бўлган энг муҳим воқеалар
Дунё
Қозоғистон Россияга зирҳли техника жўнатиши ҳақида хабарлар тарқалди (видео)
Маданият
Шаҳзода Гарри ва Меган Маркл янги ҳужжатли фильмда Елизаветта II ни масхаралаб, қироллик оиласи аъзоларини ирқчиликда айблади (видео)