АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллс Ўзбекистонда блогер Нафосат Оллошукурованинг уч ойдан ортиқ руҳий касалликлар касалхонасида ушлаб турилганидан сўнг озод қилинганини яхши янгилик сифатида эътироф этди, деб ёзади @davletovuz Telegram-канали.
«Танқидий овозни ўчириш эмас, балки ОАВ эркинлигини таъминлаш Президент Мирзиёев ислоҳотлар дастурининг муҳим жиҳатидир», — деб қўшимча қилган Элис Уэллс Twitter’да қолдирган хабарида.
Хоразм вилояти руҳий касалликлар диспансерида даволанишда бўлган блогер Нафосат (Шабнам) Оллошукурова 28 декабрь куни Тошкентнинг Юнусобод туманидаги уйига қайтди.
Нафосат Оллошукурова «Тошкентга юриш»дан сўнг, 26 сентябрь куни суд қарорига асосан Хоразм вилоятининг психологик касалликлар диспансерида мажбурий даволанишга жойлаштирилган эди. Омбудсман мониторинг гуруҳи 21 октябрь куни у билан учрашган эди.
28 ноябрда эса фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилояти судининг кассация инстанцияси Оллошукурова руҳий касалликлар шифохонасида даволанишни давом эттириш юзасидан қарор чиқарган эди.
Изоҳ (0)