Жак Ширак 1995—2007 йилларда, икки муддат Франция президенти бўлган. Бунгача икки марта — 1974—1976 ва 1986—1988 йилларда мамлакат бош вазири бўлган. Иккинчи бош вазирлик муддатини Париж мери лавозими билан бирга ўтказган. У Франция пойтахтини 18 йил давомида бошқарган.

Ширак Иккинчи жаҳон урушида яҳудийларнинг депортация қилинишига Франциянинг дахлдорлигини биринчи бўлиб тан олгани, шунингдек, АҚШнинг Ироққа бостириб киришини қўллаб-қувватлашдан бош тортгани билан танилган. Бундан ташқари, Ширак даврида Франция президентининг ваколат муддати етти йилдан беш йилга камайтирилган.

Жак Ширак Ўзбекистон—Франция муносабатларининг мустаҳкамланишига ҳам катта ҳисса қўшган. 1996 йил 24 апрель куни Парижда UNESCO томонидан ташкил қилинган Амир Темурнинг 660 йиллигига бағишланган кўргазмада шахсан Жак Ширакнинг ўзи иштирок этган ҳамда Амир Темурнинг 1402 йилда Франция қироли Шарл Олтинчи номига йўллаган мактубини Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовга совға қилган.