27 сентябрь, жума куни Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги 15-мактабгача таълим муассасасида икки нафар тарбияланувчи ва бир неча боланинг овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди ва қуйидагиларни аниқлади.
27 сентябрь куни эрталаб соат 8:55 дан 13:40 гача Тошкент вилояти Бекобод шаҳар тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ҳолсизлик, тана ҳароратининг кўтарилиши, қоринда оғриқ, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиш белгилари билан 15 нафар боғча ёшидаги бола олиб келинган. Улар зудлик билан мутахассис шифокор кўригидан ўтказилиб, «ўткир диарея» ташхисига гумон қилиниб шифохонага ётқизилган.
Маълум бўлишича, мурожаат қилувчилар Бекобод шаҳар 15-мактабгача таълим муассасасининг тарбияланувчилари ҳисобланади.
Айни пайтда шифохонанинг малакали мутахассислари томонидан беморлардан умумий лаборатор таҳлил намуналари олиниб, туман ДСЭНМга юборилган.
Барча беморлар шифокорлар томонидан чуқур тиббий кўрикдан ўтказилиб, керакли тавсиялар берилган. Беморларни даволаш ишлари қатъи назоратга олиниб, етарли даражада дори-дармонлар билан таъминланган.
Кўрилган тезкор чоралар натижасида болаларнинг умумий аҳволи яхшиланди, шифокорлар даволаш ишларини олиб бормоқда.
Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур ҳолат қатъи назорат остига олинган.
Изоҳ (0)