Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комиловнинг АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэль Розенблум билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабар қилади.
Олий суд раиси меҳмонни қутлар экан, элчини яқинда лавозимига тайинлангани билан самимий табриклаб, ушбу масъулиятли вазифани бажаришда улкан зафарлар тилади.
Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган, 1992 йил 19 февралда эса мамлакатлар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон—АҚШ муносабатлари изчиллик билан ривожланиб келмоқда.
Айниқса, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг янги тарихий босқичини бошлаб берди.
Ташриф доирасида давлат раҳбарларининг «Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши» деб номланган Қўшма баёноти қабул қилинди. Турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Олий суд раиси элчига мамлакат суд-ҳуқуқ тизимида шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида — Э-СУД миллий электрон судлов ахборот тизими (2014 йил) ишга туширилгани алоҳида қайд этилди.
Бугунги кунда Э-СУД миллий электрон судлов ахборот тизими мамлакат фуқаролик ишлари бўйича 75 та туманлараро ва 14 та вилоят судлари фаолиятига жорий этилди. Бу тизим ўз навбатида, фуқароларга судларда иш юритув самарадорлигини ошириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда суд жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш имкониятини бермоқда.
«Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни ҳақида гапирганда, биз дунёнинг тараққий этган давлатларининг бу борадаги илғор тажрибасини ҳар томонлама чуқур ўрганиб, миллий тизимимизга муваффақиятли тадбиқ этиш йўлидан бораётганимизни алоҳида қайд этиб ўтишни истардим», — деди Комилов.
АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Розенблум самимий қабул учун миннатдорчилик билдирар экан, икки томонлама муносабатлар янада ривожланишига умид билдирди.
Изоҳ (0)