Жорий йилнинг 23 август куни соат 17:30 ларда МИБ Косон тумани бўлими давлат инспекторлари «Қуйибоғ» маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.Қ.нинг хонадонига электр энергиясидан фойдаланиш ҳолати қонунийлигини текшириш учун борган.
Бу ерда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинаётганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштираётганларида Ж.Қ.нинг укаси, 1985 йилда туғилган С.Қ. аралашиб, давлат инспекторларини қўпол сўзлар билан ҳақоратлаб, уларга тан жароҳатлари етказган.
Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, мазкур ҳолат юзасидан 27 август куни туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)