ИШИД террорчилари Сурия устидан назоратни йўқотган тақдирда, Европа ҳудудида терактлар уюштиришни олдиндан режалаштириб қўйган. Бу ҳақда The Sunday Times Суриянинг жангарилардан озод қилинган ҳудудидан топилган қаттиқ диск маълумотларига таяниб хабар берди, деб ёзади «Газета.ru».
Бир кун аввал эса АҚШ президенти Дональд Трамп Сурия ва Ироқ ҳудудининг 100 фоизи ИШИДдан озод этилганини тасдиқлади. Топилган ҳужжатлар террорчиларнинг Яқин Шарқдаги ўз назоратлари остидаги ҳудудларни йўқотгач, Европага зарба бериш режаларидан дарак беради.
Олинган маълумотларга кўра, террорчилар аллақачон Европада бўлган ва одамларни ўғирлаб, худкушлар ҳужумларини уюштириши керак бўлган жангариларни қуроллантириш ва молиялаштириш ниятида. Файллар террорчиларнинг махфий ячейкаларини яратиш, янги тарафдорларни жалб қилиш, худкушларни тайёрлаш, транспорт, қурол ва портловчи қурилмаларни қидириш жараёнларини тавсифлаб беради.
The Sunday Times муаллифлари қайд этишича, дискдан олинган маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа йўқ, чунки ҳужжатларда юзлаб ҳақиқий исмлар, кўплаб тўқнашувлар ҳақида маълумотлар, молиявий ҳисоботлар бор.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)