Франция ва Бельгияда 30 июнь, шанба куни Парижнинг чекка қисмида бўлиб ўтган Эрон мухолифат партиясининг йирик съездида теракт уюштиришга тайёргарлик иши бўйича гумонланувчилар қўлга олинди. Бу ҳақда икки мамлакат расмийларига таяниб, Халқаро француз радиоси хабар бермоқда, деб ёзади EADaily.
Бельгия федерал прокуратураси ўтган шанба, 30 июнь куни Брюсселда эр-хотин қўлга олинганлигини маълум қилган. Уларнинг машинасидан 500 грамм пероксид ацетон ва алангаланувчи қурилма топилган. Қўлга олинганлар С.Амир ва Н.Насимеҳ — келиб чиқиши эронлик бўлган бельгияликларни терроризм бўйича ишни кўриб чиқаётган Антверпен суди ҳибсга олди.
Улар сўл радикал «Эрон халқи мужоҳидлар ташкилоти» партиясининг 30 июнь куни Вилпентда бўлиб ўтган конференциясида теракт тайёрлашда гумонланмоқда. Теҳрон бу ташкилотни террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди. Конференцияга 25 мингга яқин одам тўпланган.
Қўлга олинган эр-хотин Эроннинг Венадаги элчихонаси ходими А.Ассадуллоҳ билан алоқада бўлган. У Германияда қўлга олинган.
Кейинроқ Францияда шу иш доирасида яна уч киши қўлга олинганлиги маълум бўлди. Суриштирувчилар улар Бельгияда қўлга олинганлар билан қандай алоқада бўлганлигини аниқламоқда.
Изоҳ (0)