Хитойда акустик ҳужумга учраган деб тахмин қилинаётган америкалик дипломатлар тиббий текширувдан ўтиш учун АҚШга қайтарилди. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти расмий вакили Хизер Нойертга таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
«АҚШ ҳукуматининг ходимлари ва уларнинг оилалари хавфсизлигини таъминлаш асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Давлат департаменти дипломатлардан бирининг ўзини ёмон ҳис қилаётганидан хабар топиши билан Гуанчжоуга уларни текширувдан ўтказиш учун тиббий ёрдам гуруҳини юборди. Худди шу каби шикоятлар билан Гаванадаги ходимларимиз ҳам мурожаат қилган эди», — дейди давлат департаменти расмий вакили Хизер Нойерт.
АҚШ давлат департаменти Гуанчжоудаги консулликнинг икки ходимини эвакуация қилган. Аввалроқ америкалик дипломатлардан бири ноодатий товушларни эшитаётгани ва босимни ҳис қилаётганини маълум қилган. АҚШ дипломатик миссия вакилларини дарҳол текширувдан ўтказиш учун тиббиёт ходимларини юборган. Давлат департаменти Хитой ҳукуматига тергов ишларида ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган. Бироқ Хитой ҳукумати ҳеч қандай акустик ҳужум белгилари аниқланмаганини маълум қилган.
Нойертнинг сўзларига қараганда, соғлиғидан шикояти бор барча ходимлар тиббий текширувдан ўтказилмоқда. Дипломатларнинг бир қисми кейинги текширувлардан ўтиш учун АҚШга жўнаб кетган. «Америкалик малакали шифокорлар дипломатларимизни тўлиқ тиббий текширувдан ўтказмоқда, шикоятлар сабаблари аввалги ҳолатлар билан солиштирилади», — дейди Нойерт.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат департаменти АҚШнинг Кубадаги элчихонаси ходимларидан 16 нафари «акустик қурол»дан жабрланганини маълум қилган. Шунингдек, америкалик дипломатлар Гаванадаги меҳмонхоналарда ҳам акустик ҳужумларга дуч келгани хабар қилинган.
Изоҳ (0)