Бугун, 4 май санасида Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ташаббуси билан Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган «Велосипед спорти фахрийлари» веломарафони ташкил қилинди. Бу ҳақда МОҚ ахборот хизмати хабар берди.
5 километр масофага ўтказилган велопойгада мусобақа қизғин кечди. 50 ёшдан 64 ёшгача бўлган иштирокчилар ўртасида Рустам Губаев биринчи ўринни эгаллади. Мирали Хайруллаев иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, учинчи поғона Илҳом Абдуллаевга насиб қилди.
65 ёшдан юқори бўлган иштирокчилар ўртасидаги беллашувларда эса биринчи ўринни Виктор Клименков қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлардан мос равишда Борис Попов ва Александр Ординлар жой олишди.
Барча иштирокчиларга Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси томонидан совғалар тарқатилди. Ғолибларга эса диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Изоҳ (0)