Ўзбекистонда 2010 йилда 17,8 минг никоҳ бекор қилинган бўлса, 2017 йилда бу рақам 31,9 мингни ташкил этди. Яъни, шу муддат мобайнида оилалар бузилиши 1,7 мартага ортди, дея хабар беради ЎзА.
Никоҳи бекор бўлганларнинг деярли учдан бир қисми 16-20 ёш оралиғида турмуш қурган. Энг ачинарлиси, 55-60 фоиз аёллар фарзандлари билан ёлғиз қолмоқда.
Бу маълумотлар пойтахтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан Хотин-қизлар қўмитаси, «Тараққиёт стратегияси» маркази билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш» мавзусида ўтказилган анжуманда айтилди.
Бугунги даврда мутахассислар оилалар емирилишига турли сабабларни кўрсатмоқда. Жумладан, эрта турмуш қурган ёшларнинг деярли барчасидаги узоқ муддатли руҳий сиқилиш, иқтисодий етишмовчиликдан келиб чиққан низолар, фарзандсизлик дарди, хиёнат каби иллатлар оилалар мустаҳкамлигига зиён келтирмоқда.
Шу боис кейинги йилларда оила, ота-она ва фарзанд муносабатларини тартибга солувчи мустаҳкам қонуний механизм яратилди ва бу жараён бугунги тезкор давр талаблари билан уйғун равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Изоҳ (0)