Буюк Британия агар Исроил Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини етказиб беришни тўхтатишда давом этса ва анклавдаги ҳарбий операцияни тугатмаса, сентябрда БМТ Бош ассамблеяси сессияси бошланишидан олдин Фаластин давлатини тан олишга тайёр. Бу ҳақда Буюк Британия бош вазири Кир Стармер девонхонаси баёнотида ма`лум қилинди.

“Биз икки давлатнинг ёнма-ён яшаши асосидаги ечимнинг ҳаётийлигини ҳимоя қилишга қатъий қарор қилганмиз. Шу сабабли, агар Исроил ҳукумати Ғазодаги фожиали вазиятни тўхтатиш учун жиддий қадамлар қўймаса, Буюк Британия сентябрда Фаластинни тан олади”, дея таъкидланади баёнотда.
Британия ҳукумати вакилларининг айтишича, Лондон Исроилдан БМТ орқали гуманитар ёрдамни дарҳол қайта бошлашини, ўт очишни тўхтатишга розилик беришини, шунингдек, Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғидаги ҳудудларни қўшиб олишдан расман воз кечишини кутмоқда.
Агар бу талаблар бажарилмаса, Буюк Британия Фаластинни давлат сифатида тан олиш ва БМТ Бош ассамблеясида тегишли ташаббус билан чиқиш ниятида эканлигини билдирди.
Бундан аввал Бирлашган Қироллик бош вазири Кир Стармер Х ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеомурожаатида Буюк Британия Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилгандан сўнг Фаластин давлатини тан олиши мумкинлигини маълум қилганди.
Шунингдек, Франция президенти Эммануэл Макрон сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош ассамблеяси сессиясида мамлакат Фаластин давлатини расман тан олишини э`лон қилганди.
Изоҳ (0)