Жорий йил 29 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда маиший коррупцияга қарши курашишга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, республикада коррупциявий ҳолатларнинг 75 фоизи шаҳар ва туманларда маиший шаклда бўлмоқда.
Бугунги кунда прокуратура тизимидаги Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ва илмий-тадқиқот марказида 200 дан ортиқ мутахассис илм ва таҳлил билан шуғулланмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идораларида 100 мингдан зиёд ходим коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлаяпти.
“Лекин кўп ҳолларда бу иллатнинг сабаблари четда қолиб, оқибати билан курашиляпти. Коррупцияга йўл қўймайдиган превентив чоралар ҳали етарли эмас. Ҳар куни одамларнинг иши тушадиган ҳокимлик, кадастр, банк ва солиқ идораларида бюрократия, “коррупциявий туйнуклар” тўлиқ йўқолгани йўқ”, дейилади манбада.

Тақдимотда шу борадаги қўшимча чора-тадбирлар муҳокама қилинган.
Қайд этилишича, мамлакатда 43 та назорат идораси бор. Ҳамма вазирликларда комплаенс назорат бўлимлари ташкил этилган. Тақдимотда аввало, уларнинг самарадорлигини ошириш вазифаси қўйилган. Вазирлик ва идоралар ҳузуридаги инспекцияларнинг бу борадаги фаолиятига ҳам танқидий муносабат билдирилган.
Президент коррупция фақат камайгани эмас, қанча қисмининг олди олинганига қараб, давлат идоралари фаолиятини баҳолаш кераклигини таъкидлаган.

Хабарга кўра, республикада ер ажратиш бўйича шаффоф тизим жорий қилинган. Лекин жойларда бу борада ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳалигача учраб турибди. Йиғилишда кадастр, “Ўзбеккосмос”, қурилиш ва бошқа тегишли ташкилотлар маълумотларини таҳлил қилиб, бундай ҳолатларга бутунлай чек қўйиш шартлиги таъкидланган.
Прокуратура тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва барча соҳалар устидан “рақамли назорат” ўрнатиш зарурлиги айтилган.
Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида парламентнинг масъул қўмиталарига маҳаллагача тушиб, коррупцион ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, давлат харидларида тўғридан-тўғри шартномаларни камайтириш, ёшлар ўртасида коррупцияга муросасизлик муҳитини шакллантириш каби долзарб масалаларда тавсиялар берилган эди.
Тақдимотда бунга масъуллар бажарилган ишлар тўғрисида ахборот берган.
Изоҳ (0)