Бугун, 29 июль куни президент Шавкат Мирзиёев ҳарбий таълим тизимини такомиллаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 20 дан ортиқ хорижий давлатнинг соҳага оид илғор тажрибалари ўрганилган. Ҳарбий таълимни ислоҳ қилиш бўйича янги миллий модел ишлаб чиқилган.
Таклифга кўра, Қуролли кучлар академияси ислоҳ қилиниб, унинг негизида Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.
Мудофаа вазирлигининг барча ҳарбий таълим муассасалари – 5 та институт, Сержантлар тайёрлаш олий мактаби ҳамда Авиация ва учувчисиз учиш аппаратлари мутахассисларини тайёрлаш маркази институт мақомида мазкур университет таркибига ўтказилади. Бу марказлашган вертикал тизимни ҳосил қилиб, қўшинларнинг жанговар салоҳиятини ошириш, дуал таълимни кенгайтириш, илмий тадқиқотларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади. Масалан, Сержантлар тайёрлаш олий мактабида армиянинг асосий таянчи бўлган сержантларни ўқитиш, уларда етакчилик қобилиятини шакллантириш, замонавий қуроллар ва янги тактик усуллар бўйича кўникмаларини оширишнинг янги тизими жорий этилади.

Янгиликлардан яна бири – тор доирадаги ихтисосликлар бўйича “2+2” тартиби йўлга қўйилишидир. Яъни психолог, алоқачи, таъминотчи, омборчи каби 18 хил ёндош соҳа мутахассислари бошқа олий таълим муассасаларининг 2-босқич талабалари орасидан саралаб олинади.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, янги ўқув йилидан бошлаб, битирувчи босқич курсантлари учун танлов асосида “Олий бош қўмондон” давлат стипендияси жорий этилади. Мазкур стипендия соҳиби бакалавриатни тамомлаганидан сўнг 5 йил мобайнида олий ҳарбий таълим муассасаларининг магистратурасига имтиҳонларсиз қабул қилинади.

Яна бир эътиборли жиҳати, эндиликда олий ҳарбий таълим муассасаларининг 36 та таълим йўналиши битирувчилари бирйўла иккита диплом – фуқаролик ва ҳарбий касбга мўлжалланган мутахассислик эгаси бўлади. Бу уларнинг ҳарбий хизматдан кейин ҳам фаол ишлаши имконини беради.
Ушбу ўзгаришларга яраша ҳарбий педагогларни саралаш ва танлашга ҳам талаб кучаяди. Жумладан, ҳарбий педагогларни етакчи хорижий давлатларда ўқитиш тизими йўлга қўйилади.
Тақдимотда мазкур таклифлар маъқулланди ва уларни амалиётга самарали татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Изоҳ (0)