Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичига йўлланма олиш учун жиддий киришган Тошкентнинг «Пахтакор» клуби «Насаф»нинг яна бир аъзосига совчи қўйди. Бунда гап ҳужумчи Бобур Абдухолиқов ҳақида кетмоқда, деб ёзди «Championat.asia» нашри.
Норасмий хабарга кўра, трансфер 3 миллиард сўмни ташкил қилиши катта эҳтимол. Бунда «Пахтакор»нинг ўзи шу пулни таклиф қилганми ёки «Насаф» шунча сўраганми — аниқ эмас. Қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг ўзи «Пахтакор» Абдухолиқовга жиддий қизиқаётганини тасдиқлади.
Ўтган мавсум ярмида тошкентликлар дарвозабон Элдор Суюнов ва ҳимоячи Шерзод Аъзамов учун «Насаф» ҳисоб рақамига 1 миллиард сўм ўтказиб берганди. Бироқ мавсум якунидан кейин Баҳром Абдураҳимов, Акмал Шораҳмедов, Фарруҳ Сайфиев, Дилшод Раҳматуллаев каби «Насаф» футболчилари «Пахтакор» учун текинга тушди.
Бердиев берган маълумотга кўра, «Насаф» академияси тарбияланувчиси ҳисобланган Абдухолиқовнинг қаршиликлар билан шартномаси 2020 йил сўнгига қадар амал қилади. Шу боисдан ҳам қолган клублар уни шунчаки қўлга кирита олмайди.
Бунгача «Пахтакор» асосий ҳужумчиси Игорь Сергеевни қўйиб юборганди. Айни пайтда Шота Арвеладзе мураббийлигидаги жамоа яхши ҳужумчини ўз сафига қўшиб олиш учун жиддий бел боғлаган.
Бобур Абдухолиқов эса Ўзбекистон U23 термаси сафида Осиё Чемпионатига йўл олган.
Изоҳ (0)