Бугун — 9 январь куни 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат термалар ўртасидаги Осиё Чемпионати старт олади. Ҳар икки йилда бир марта ўтадиган мусобақа, 4 йилда бир марта Олимпиада ўйинларига йўлланма бериш учун саралаш вазифасини ҳам ўтаб беради.
Икки йил аввал Самвел Бабаян мураббийлик қилган Ўзбекистон термаси мазкур мусобақанинг гуруҳ босқичидан нарига ўта олмаган бўлиб, якунда жамоа Рио—2016 Олимпиадасидан четда қолганди. Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги жамоа иштирок этаётган ва бугун старт оладиган Хитойдаги турнир Олимпиада учун чипта тақдим этмайди.
Ўзбекистон термаси унинг «А» гуруҳидан жой олган бўлиб, мезбон Хитойдан ташқари Қатар ва Уммон термаларига қарши баҳс олиб боради. Тошкент вақти билан 13:00 да Хитой ва Уммон термалари ўртасидаги ўйин билан мусобақа старт олади. Ўзбекистоннинг Қатарга қарши ўйини эса 16:30 да бошланади.
Спорт-ТВ мазкур беллашувни жонли намойиш этишни режалаштирган. «Эрудит Спорт» маълумотига кўра, учрашувни Хайрулла Ҳамидов шарҳлаб боради.
Изоҳ (0)