Италиялик мутахассис Винченцо Монтелла Испаниянинг «Севилья» клуби бош мураббийига айланди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар берди.
Мотелла билан келишув 2019 йилнинг июлига қадар амалда бўлади. Бугун — 29 декабрь куни мураббий «Милан»даги чала қолган ҳужжатли ишларини якунлайди ва оқшомнинг ўзида Севильяга учиб, янги клуби билан расмий шартномага имзо чекади.
Мураббийлик фаолиятини 2009 йил Римнинг «Рома» клубида бошлаган Монтелла, кейинроқ «Катания», «Фиорентина», «Сампдория», «Милан» каби жамоаларда фаолият олиб борди. У «Фиорентина»ни 2014 йил Италия Кубогининг финалига қадар бошлаб келган бўлса, 2016 йил «Милан» билан мамлакат Суперкубогини қўлга киритганди.
Жорий мавсумда «Милан» таркибида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилган бўлса-да, Монетлла раҳбарият кутган натижани кўрсата олмади ва унинг ўрнини Женнаро Гаттузо эгаллади. Энди у «Севилья» бош мураббийи бўлиб келган Эдуардо Бериссонинг ўрнини эгалламоқда. Шу йилнинг 22 ноябрь куни «Севилья» матбуот хизмати Бериссонинг саратонга чалингани ҳақида расман баёнот берганди. Шу тариқа мураббий операция столига ётишга мажбур бўлди ва 2 декабрь куни шифохонадан чиқариб юборилди.
«Севилья» Испания Ла Лигасининг 19-туридан кейин турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди. Андалусия клуби Мадриднинг «Реал» клубидан 2 очко ортда қолиб кетмоқда. Чемпионлар Лигасида эса «Севилья» футболчилари гуруҳдан чиқишни уддалаган. Чорак финал йўлида Монтелла ва жамоаси Жозе Моуриньонинг «Манчестер Юнайтед»ига қарши кураш олиб бориши керак бўлади.
Изоҳ (0)