Қаршининг «Насаф» клубида ўтган мавсумни ўтказган ҳимоячи Акмал Шораҳмедов фаолиятини «Пахтакор»да давом этади. Бу ҳақда «шерлар» матбуот хизмати хабар берди.
Шораҳмедов билан 2 йиллик келишувга эришилган. Футболчи «Пахтакор»га эркин агент мақомида етиб келган. Бунгача Шота Арвеладзе жамоасига «Насаф» чап қанот ҳимоячиси Фаррух Сайфиев ҳам қўшилганди. Энди эса ўнг қанот ҳимояси ҳам бутланди. Ўтган мавсумнинг ярмида эса марказий ҳимоячи Шерзод Аъзамов ҳамда дарвозабон Элдор Суюнов жами 1 миллиард сўмга харид қилинганди.
Акмал «Насаф» учун 28 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол уришга эришди. У Олий Лигада жами 286 та ўйинда ҳаракат қилган ва 11 та гол урган. 2011—2016 йиллар давомида «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилган Шораҳмедов икки мартадан Ўзбекистон чемпионати ва кубогида зафар қучган. Чемпионлар Лигасида ярим финалга қадар етиб борган.
Мазкур футболчи асли «Пахтакор» футбол мактабидан етишиб чиққан. «Championat.asia» нашри маълумотига кўра, «Насаф» ярим ҳимоячиси Баҳром Абдураҳимов ҳам тез орада «Пахтакор» сафига келиб қўшилади.
Изоҳ (0)