Тошкентнинг Яшнобод туманидаги 32-оилавий поликлиника янги бинода фаолиятини бошлади, деб хабар беради «Газета.uz».
Май ойида Президент Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманига ташрифи чоғида режалаштирилмаган ҳолда поликлиникага ташриф буюриб, тиббиёт муассасасининг оғир аҳволда эканига гувоҳ бўлган эди. У бинони таъмирдан чиқариб, аҳолига хизмат кўрсатиш шароитларини тубдан қайта кўриб чиқишни топширди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида шифохона фаолиятини тубдан яхшилаш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқилди. У миллий ва хорижий тажрибалар, шунингдек аҳоли таклиф ва мулоҳазалари ҳисобга олинган ҳолда тайёрланди. Асосий урғу тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, навбатларни қисқартириш, касалликларни барвақт аниқлаш ва патронаж ишларини мақсадли амалга ошириш, шунингдек тез тиббий ёрдам хизматини ташкил этишга қаратилди.
Касалхонада шифокор қабулига кириш учун электрон навбат тизими йўлга қўйилди, шифокорларнинг ҳар бири компьютер билан таъминланди. Муассаса замонавий ускуналар, жумладан УЗИ, ЭКГ ва рақамли рентген-аппарат билан таъминланди. Биокимёвий таҳлиллар ҳам эндиликда поликлиниканинг ўзида амалга оширилмоқда.
Оилавий поликлиника 27,3 минг фуқаро истиқомат қилувчи ҳудудга хизмат кўрсатмоқда. Бу ерда терапевт, педиатр, гинеколог, невропатолог, окулист, отоларинголог, стоматолог, жарроҳ, инфекционист, иммунолог ҳамда 26 нафар патронаж ҳамшира фаолият кўрсатмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, мамлакатдаги барча оилавий поликлиникалар келгусида худди шундай намунада қайтадан бунёд этилади.
Изоҳ (0)