Кремний водийси тадбиркорлари хайрия ташаббуслари кўриниши остида Америка таълим тизимини ислоҳ қилмоқда. Грант асосида қўллаб-қувватлаш АКТ-етакчиларига мактаблар дарс жадвалини ўзгартириш, педогогик усуллар ва болаларни ўқитиш услубларини танлаш имконини бермоқда.
The New York Times яширин таълим ислоҳоти қандай ишлаётганлигини таҳлил қилди, деб ёзади ForumDaily.
Сўнгги йилларда йирик АКТ-компанияларининг асосчилари АҚШнинг бутун ҳудуди бўйлаб мактаб дастурларига тобора кўпроқ инвестиция кирита бошлади. Бироқ амалда хайр-эҳсон таълим тизимини ислоҳ қилишга айланиб кетмоқда ва бу жараён ҳеч ким томонидан тартибга солинмаяпти.
Кремний водийси тадбиркорлари ўз инвестициялари туфайли ҳеч кимга ҳисоб бермай ўқув муассасалари сиёсатини ўзгартириши мумкин. Бундан ташқари, кўплаб таълим ташаббуслари янги усулларнинг самарадорлигини исботловчи бирор бир илмий асоссиз АКТ-етакчиларнинг истаги билан жорий қилинмоқда.
Масалан, «Code.org» ташкилоти Американинг барча мактабларида информатика дарсларини жорий этиш учун Кремний водийсидаги компаниядан 60 миллион доллар жалб қилди. Лойиҳа нафақат битирувчиларга келажакда меҳнат бозорида рақобатбардош бўлишни, қолаверса, компанияларга малакали кадрларни етказиб бериш орқали тадбиркорларга ҳам фойда келтиришни ваъда қилмоқда.
Ташкилот Microsoft кўмагида таълим соҳасига янги қонунларни фаол киритиб, бутун мамлакат бўйлаб информатика курсларига ҳомийлик қила бошлади. 120 та туман дарс жадвалларига ўзгартириш киритишга эришилди, 57 минг ўқитувчи «Code.org» касбий тайёргарлигидан ўтди.
Яна бир мисол: Salesforce компанияси раҳбари Марк Бениофф охирги ўн йил давомида Сан-Францискодаги мактабларга 100 миллион доллар ажратди ва улар билан ишчи алоқаларни йўлга қўйди. Таълим муассасалари Бениоффнинг компаниясига ўз истаклари рўйхатини тақдим этади, тадбиркор эса пул ажратиб, мактабларни бошқариш бўйича тавсиялар беради. Бениофф шаҳарнинг давлатга қарашли мактаблари учун ўзига хос венчур капиталистига айланди ва уларни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритди.
Баъзан ислоҳотлар кутилмаган оқибатларни келтириб чиқармоқда. Netflix раҳбари Рид Хестингс ҳаракатлари туфайли давлат мактаблари математикани ўрганиш жараёнини ўйинга айлантирувчи DreamBox Learning дастуридан фойдалана бошлади. Болалар бу ўйинга шунчалик кўникиб қолдики, ота-онасидан уйда кечки пайт ҳам уни қўйиб беришни сўрай бошлади.
Марк Цукербергнинг дастури ҳам кенг оммалашмоқда. Facebook асосчиси ўз компанияси томонидан ишлаб чиқилган ўз-ўзини ўқитиш тизимини илгари сурмоқда. Дарс давомида ўқувчилар компьютерларда гуруҳ бўлиб ишлаб, машғулот материалини мустақил ўрганмоқда.
Цукербергнинг сўзларига қараганда, бундай ёндашув синфда стартап атмосферасини яратади. Жорий йилда ушбу тизимдан аллақачон 100 та мактаб фойдаланмоқда, бироқ вақт ўтиши билан уларнинг сони ошиши кутилмоқда. Бироқ тизим ўқитувчиларнинг барчасига бирдек маъқул эмас. Уларнинг баъзилари ўқувчилар навбатдаги дарсга ўтишга жуда шошилиши ва материални яхши ўзлаштирмаслигидан нолимоқда.
АКТ-саноат вакилларининг ўзи таълим тизимига кескин ўзгартиришлар киритмаётганлиги, бор-йўғи умумий вазиятни яхшилаётганлигини таъкидламоқда. Бироқ янгича усулларни жорий этиш бўйича ишлар узлуксиз олиб борилмоқда. Йирик компаниялар нафақат регуляторлар, балки ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналаригача етиб бормоқда. Кремний водийси вакиллари ўз ташаббусларини ижтимоий тармоқлар орқали илгари сурмоқда, бу эса уларга Америка мактабларига ҳар қачонгидан ҳам тезроқ ва самаралироқ таъсир кўрсатиш имконини бераяпти.
Бироқ кўп ҳолатларда бунинг акси ҳам юз бермоқда. Ислоҳотлар бўйича фаол чораларга қарамасдан, ота-она ва ўқитувчилар уларнинг ортида айнан ким турганлиги ва уларга қанча пул ажратилаётганлигидан бехабар.
Яширин ислоҳотнинг яна бир жиҳати — бу Кремний водийсининг Америка таълим соҳасининг барча жиҳатларини назорат қилишининг ошиб боришида. АКТ-гигантлар мактаблар молиялаштирилиши ва уларнинг ички сиёсатини бошқармоқда, ўқитувчилар учун курсларга маблағ ажратиб, ўқитиш дастурларини яратмоқда. Стенфорд университети педагогика профессори Ларри Кюбаннинг фикрича, тадбиркорлар таълим ислоҳотида монополистик ёндашувдан фойдаланмоқда.
Ўқув муассасалари учун компьютерлар ва дастурий таъминотлар сотиш Кремний водийси вакиллари учун алоҳида даромад манбасига айланди. 2020 йилга келиб ушбу бозор 21 миллиард долларгача ошиши кутилмоқда. Мисол учун, АҚШ бошланғич ва ўрта синфлари ўқувчиларининг ярмидан ортиғи аллақачон Google сервисларидан фойдаланмоқда.
Изоҳ (0)