Америкалик рок-мусиқачи Элис Купер омборхонасидан рассом Энди Уорхолнинг «Кичкина электр стул» картинасини топиб олди, у бир неча миллион доллар туриши мумкин, деб ёзади The Guardian.
Асар қизил-қора рангларда чизилган. Унда 1953 йилда Юлиус ва Этел Розенбергларни қатл қилишда фойдаланилган электр стул акс этган. Америкалик коммунистлар АҚШда ишлаб чиқилган ядро бомбаси чизмаларини Собиқ иттифоққа бериб юборганликда айбланган. Асар Уорхолнинг «Ўлим ва ҳалокат» сериясига кирган.
Қўшиқчининг менежери айтишича, Купер ва Уорхол 1972 йилда Нью-Йоркда дўстлашиб қолган. Қўшиқчи рассомнинг ушбу асарини 2,5 минг долларга сотиб олган ва картина тезда унутиб юборилган.
2015 йил ноябрида «Ўлим ва ҳалокат» сериясидаги асарлардан бири кимошди савдосида 11,6 миллион долларга сотилгач, картина ҳақида эслаб қолишган. У топилгач, Купер асарни сотишдан бош тортган ва уни уйига осиб қўйишини айтган.
Изоҳ (0)