Европа Иттифоқида 2025 йил 12 октябрдан бошлаб янги Entry/Exit System (EЕS) — кириш-чиқиш тизими кучга киради. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукумати хабар берди.

EES 29 та Европа давлатига, жумладан, Шенген давлатларига қисқа муддатга кириб келаётган ёки чиқиб кетаётган ЕИга аъзо бўлмаган фуқароларни рақамли тарзда рўйхатдан ўтказади.
Эндиликда Шенген минтақаси паспорти эгалари Шенген мамлакатларига киришда паспортига муҳр қўйилиши ўрнига биометрик маълумотларини — бармоқ излари ва суратини топшириши талаб этилади. Мазкур жараён махсус терминалларда амалга оширилади.
Янги тизим саёҳатчилардан кўпроқ вақт талаб қилиши мумкин
EES орқали рўйхатдан ўтиш ҳар бир йўловчидан бир оз узоқроқ вақт олиши кутилмоқда. Шу сабаб Шенген ҳудудига киришда чегарадаги навбатлар бир оз чўзилиши мумкин. Йўловчилар биринчи марта Шенген зонасига борганида рақамли EES ёзуви яратилади. Кейинги сафарларда эса фақат бармоқ изи ёки сурат орқали рўйхатдан ўтилади. Ушбу рақамли ёзув 3 йил давомида амал қилади.
EES нима учун жорий қилинмоқда?
Янги тизим Европа Иттифоқида чегара хавфсизлигини ошириш ва ноқонуний миграцияни камайтириш мақсадида ишлаб чиқилган. Шунингдек, EES саёҳатчиларнинг Шенген ҳудудида ортиқча қолишининг олдини олиш учун автоматлаштирилган назоратни жорий этади.
2026 йил охирида ETIAS тизими ҳам ишга туширилади
ЭЕС билан бир қаторда, 2026 йилнинг тўртинчи чорагида яна бир тизим — ETIAS (European Travel Information and Authorisation System) ишга туширилиши кутилмоқда. Бу тизим орқали Шенген ҳудудига киришдан олдин Британия фуқаролари онлайн тарзда аввалдан рухсатнома олиши, саёҳат маълумотларини тақдим этиши ва 7 евро миқдорида тўлов қилиши керак бўлади. Ҳозирча ETIAS бўйича ҳеч қандай амалий ҳаракат талаб этилмайди. ЕИ бу борада алоҳида расмий сана ва кўрсатмаларни эълон қилишини маълум қилган.
Буюк Британия ҳукумати Европа комиссияси, аъзолик давлатлар ва саёҳат соҳаси билан ҳамкорликда EES тизимига тайёргарлик кўрмоқда. Eurostar, Eurotunnel ва Dover порти каби йирик транспорт пунктларига ҳар бири учун 3,5 миллион фунт стерлинг маблағ ажратилган. Унга кўра, Eurostar 3 та станцияда жами 50 та терминал ўрнатади. Eurotunnel эса 100 дан ортиқ терминал орқали йўловчиларни рўйхатдан ўтказишни режалаштирган. Dover портида автобус йўловчилари учун 24 та терминал, автомобилда саёҳат қилувчилар учун планшетлар билан қуролланган агентлар хизмат кўрсатади.
Денгиз саёҳатлари учун алоҳида тартиблар белгиланади
Круиз кемаларида саёҳат қилувчиларга қўйиладиган EES талаблари кеманинг йўналишига боғлиқ бўлади. Сафар Шенген ҳудудидан ташқарида (масалан, Британияда) бошланиб, тугаса, одатда EES текширувларидан озод этилади. Бироқ кемадан Шенген ҳудудида тушиб, бошқа транспорт воситаларида йўлни давом эттирадиган йўловчилар биометрик рўйхатга олинади.

Шенген ҳудудига кириш учун Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар фуқаролари (жумладан, Ўзбекистон фуқаролари) Шенген визасини олишлари керак. Ушбу виза билан ҳудуддаги барча давлатлар бўйлаб 90 кун ичида эркин ҳаракатланиш мумкин.
Шенген ҳудудига 2025 йил ҳолатига кўра қуйидаги давлатлар киради: Австрия, Бельгия, Чехия, Дания, Эстония, Финляндия, Франция, Германия, Греция, Венгрия, Исландия, Италия, Латвия, Литва, Люксембург, Малта, Нидерландия, Норвегия, Польша, Португалия, Словакия, Словения, Испания, Швеция, Швейцария ва Лихтенштейн.
Изоҳ (0)