АҚШ Молия вазирлиги мамлакат компанияларига бир қатор технологик маҳсулотларни Россияга экспорт қилишда лицензиялар ва рухсатномалар олиш учун Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) билан мулоқотга киришишга рухсат берди.
АҚШ компанияларига ФХХ билан муносабатларга киришишни тақиқлоқчи Россияга қарши қаратилган санкциялар Америка маъмурияти томонидан 2016 йил декабрида жорий этилган эди.
Аввалроқ «РБК» нашри АҚШнинг ФХХга қарши санкциялари баъзи электроника маҳсулотларини Россияга олиб келишни мураккаблаштиргани, бунга барча турдаги шифрлаш ускуналари импортини ФХХ назорат қилиши сабаб эканини билдирган эди. Россияга электроника маҳсулотлари (масалан, смартфонлар)ни юбориш учун компания шифрлаш алгоритмлари ҳақида талабнома тақдим этиши зарур.
ФХХ билан муносабатларни чеклаш бўйича АҚШ санкциялари 2016 йил охирида, киберҳужумларга жавобан жорий этилган эди — Америка махсус хизматлари бу ҳужумларда Россияни айбламоқда. Санкциялар Россия Бош разведка бошқармаси (БРБ) ва, гўёки, киберҳужумларни уюштиришга дахлдор деб ҳисобланган уч компанияни ҳам ўз ичига олган.
АҚШ Қримнинг эгаллаб олиниши ва Украина шарқидаги қуролли низо сабабли ҳам Россияга нисбатан санкциялар жорий этган. АҚШ президенти сайловида, тахминларга кўра, Россия раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланган номзод — Дональд Трамп ғалаба қозонгач, Россияга нисбатан санкциялар бекор қилиниши ёки юмшатилиши ҳақида фикрлар пайдо бўлди.
Америка нашрлари Трампнинг маъмурияти санкцияларни бекор қилиш ҳақидаги фармон матнини тайёрлаб қўйгани ҳақида хабарлар тарқатган. Трампнинг маслаҳатчиси Келлиэнн Конуэй эса Оқ уй санкцияларни бекор қилиш имкониятларини кўриб чиқаётганини маълум қилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.