Покистон ички ишлар вазирлиги махсус бўлинмаси жангчилари 2 февраль, пайшанба куни жанубий Синд вилоятининг энг кўп қидирилган жиноятчиларидан бири Нур Муҳаммадни йўқ қилишга эришди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Dawn нашрига кўра, жиноятчи вилоят пойтахти Карачи яқинидаги Лияри шаҳридаги туманлардан бирида ўтказилган махсус операция чоғида йўқ қилинди. Қўлга олишга уриниш чоғида Нур Муҳаммад ва унинг шериклари ҳуқуқ-тартибот ходимларига қарата ўқ узди ва гранаталар улоқтирди. Ярим соат давом этган отишма давомида жиноятчи ва унинг икки нафар ёрдамчиси ўлдирилди.
Нур Муҳаммад гуруҳи полициячилар ва тинч аҳолига нисбатан уюштирилган қатор ҳужумлар ташкилотчиси бўлган, унинг ўзи эса бир йўла 74 та жиноий иш бўйича қидирилаётганди. Ҳукумат томонидан унинг қўлга олинишида берилган ёрдам учун бундан 5 йил аввал 3 миллион Покистон рупийси (30 минг доллар) миқдорида мукофот белгиланганди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.