БМТ Хавфсизлик кенгаши Истанбулдаги тунги клубда уюштирилган террорчилик ҳужумини қоралади. Бу ҳақда халқаро ташкилот матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради «Корреспондент.net».
«Хавфсизлик кенгаши аъзолари даҳшатли ва манфур террорчилик ҳужумини кескин қоралайди. Қурбонларнинг оиласига чуқур ҳамдардлик билдирамиз, жароҳатланганлар тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз. Теракт ташкилотчилари ва ҳомийлари жавобгарликка тортилиши лозим, шу боис барча давлатларни Туркия ҳукумати билан фаол ҳамкорликка чақирамиз», — дейилади ташкилот сайтида жойлаштирилган пресс-релизда.
Шунингдек, Хавфсизлик кенгаши аъзолари террорчиликнинг исталган шакли дунё хавфсизлиги учун энг катта таҳдид эканлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ мазкур теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олгани маълум қилинганди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)