Агар Дональд Трамп Обама маъмурияти томонидан Россияга қарши киритилган санкцияларни олиб ташлашга қарор қилса, у АҚШ конгресси томонидан қаршиликка учрайди. Бу ҳақда Демократик партиядан вакиллар палатаси аъзоси Адам Шифф айтиб ўтди, деб ёзади «РИА Новости».
«Очиғини айтганда, биз, Конгрессдагилар қабул қилинган чоралар (Россияни) жиловлаб туриш учун етарли, деб ўйламаймиз», — деди Шифф. Унинг сўзларига кўра, агар Трамп уларни бекор қилиш учун чоралар кўрса, санкциялар режимини кучайтиришни нафақат демократлар, балки республикачилар ҳам, шу жумладан, сенатор Жон Маккейн ҳам талаб қилади.
Аввалроқ Оқ уйнинг бўлажак матбуот котиби Шон Спайсер АҚШнинг Россияга қарши, гўёки унинг киберҳужумларга алоқадорлиги юзасидан киритилган янги санкциялари мутаносиб жавоб эканлиги борасидаги шубҳаларини маълум қилган эди.
29 декабрь куни Барак Обама маъмурияти «сайловларга аралашгани» ва Россияда ишлаётган «америкалик дипломатларга босим ўтказгани» учун Россиянинг тўққизта муассаса, компания ва жисмоний шахсларига қарши санкциялар киритган эди. Шунингдек, АҚШ Россиянинг дипломатик хусусий мулки бўлган иккита турар-жой мажмуасини россиялик дипломатлар учун ёпиб қўйди ва 35 нафар россиялик дипломатни персона нон-грата деб эълон қилди.
Изоҳ (0)