Таиландда қирол Пхумипон Адульядет (Рама IX)нинг вафоти муносабати билан эълон қилинган 30 кунлик мотам якунланди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
30 кунлик мотам вақтида Таиланд ҳукумати аҳолини турли завқлантирувчи тадбирлардан ўзини тийишга чақирган эди.
Таиланд тахтида 70 йил ҳукмронлик қилган Пхумипон Адульядетнинг вафотидан сўнг мамлакат ҳукумати давлат идоралари ва компаниялари ходимлари учун амал қиладиган 1 йиллик мотам ҳақида эълон қилди. Қолганларга эса 1 ой давомида мотамга риоя қилиш тавсия этилганди.
«30 кунлик мотамдан сўнг мамлакатда кўп нарсалар ўз изига тушади. Аммо ишончим комил, аксарият мотам либосида юришни давом эттиради ва бу уларнинг шахсий қарори бўлади», – деди Таиланд туризм ва спорт вазири Кобкарн Ваттанаврангкун.
14 ноябрь кунидан туширилган байроқлар қайта кўтарилиши керак эди, бироқ Бангкокдаги қатор муассасаларда бу ҳамон амалга ошмади.
Эслатиб ўтамиз, қирол Пхумипон Адульядет 13 октябрь куни 88 ёшида оламдан ўтди. У 1972 йили ўзининг валиаҳди этиб шаҳзода Маха Вачиралонгкорнни тайинлаган эди.
Изоҳ (0)