Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ташаббуси билан «Тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматлари кўрсатишнинг тартиб-тамойиллари ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш» мавзуида семинар ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Парламент қуйи палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Э. Холбўтаев, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари А. Файзуллаев, адлия вазирининг ўринбосари А. Усмонов ва бошқалар тадбирда иштирок этди.
Семинарда тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларининг самарали фаолияти, уларнинг тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, лицензиялаш ва бошқа рухсат берувчи тартиб-тамойиллар муҳокама қилинди.
«2016 йил 1 январдан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлик субъектларига ‘ягона дарча’ тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш бошланган, — деди Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев. — Мазкур марказларда тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйишни автоматлаштирилган тизим орқали 24 соат узлуксиз амалга ошириш тартиби жорий этилди. 2016 йил 1 октябрь ҳолатига кўра марказларда 76 мингдан зиёд давлат хизмати кўрсатилди. Марказлар томонидан кенг кўламли ахборот хизматлари йўлга қўйилиб, ҳозирга қадар тадбиркорлик субъектларига юз мингдан зиёд бепул маслаҳат берилди».
Семинарда «ягона дарча» марказлари фаолиятига оид веб-сайт яратиш, марказлар ходимларининг тизимли равишда малакасини ошириш, уларнинг фаолият самарадорлигини кучайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)