Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 17 октябрь, душанба куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрида бўлиб турган Покистон Ислом Республикаси делегацияси раҳбари, Покистоннинг ташқи ишлар бўйича давлат вазири, Бош вазирнинг махсус ёрдамчиси Саид Ториқ Фотимий билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг амалий масалалари, жумладан, 2015 йил ноябрь ойида Покистон бош вазири Навоз Шарифнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида ва олий даражадаги музокаралар давомида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида 18 октябрь куни очиладиган ИҲТ ТИВKнинг 43-сессияси кун тартибига киритилган масалалар ҳамда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда Покистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Риаз Ҳусайн Бухорий иштирок этди.
Изоҳ (0)