Америкалик машиналар коллекционери, дунёдаги энг йирик эски-туски бозорларидан бирининг соҳиби Престон Хенн Флорида штати судига мурожаат қилиб, Ferrari компаниясини унга ноёб LaFerrari Spider машинасини сотишдан бош тортишда айблади. Даъвогарнинг фикрича, рад жавоби унинг бренд ишқибозлари олдидаги обрўсини тушириб юборди, деб хабар беради «Интерфакс».
2017 йилнинг LaFerrari Spider купе-кабриолети чекланган ададда — 499 нусхада чиқарилиши боис Хенн автоконцерн дилерига машинани олдиндан буюртма қилиб қўймоқчи эди. Аммо Ferrari North America раҳбарияти дилерга рад жавобини бериб, Хенн автомобилга даъвогарлик қилиши мумкин бўлган шахсга қўйиладиган талабларга жавоб бермаслигини маълум қилди.
Бизнесмен масалани ойдинлаштириш мақсадида Ferrari топ-менежерларига мактублар йўллади. Улар орасида Ferrari Chrysler Automobiles директорлар кенгаши раиси Сержио Маркьонне ҳам бор эди. Хенн унга йўлланган мактубга бай пули сифатида 1 миллион долларлик чекни илова қилди, аммо яна рад жавобини олди.
Ахийри Хенн компанияни судга берди. Мурожаатда компания раҳбарияти Хеннинг обрўсини тўкишда айбланди. Даъво суммаси 75 минг доллардан ошади. Ҳужжат ҳақида бошқа маълумотлар йўқ.
Хенн 60 йилдан буён Ferrari машиналарини тўплаб боради. Унинг коллекциясида LaFerrari’нинг эски версиясидан тортиб айрим экспертлар дунёдаги энг қиммат машина деб ҳисоблайдиган 275 GTB/C 6885 Speciale’гача бор.
Изоҳ (0)