ОПЕК (Нефтни экспорт қиладиган мамлакатлар ташкилоти)га аъзо мамлакатлар нефть қазиб чиқариш ҳажмини «музлатиб қўйиш» ҳақидаги музокараларга қайтишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Bloomberg’га ОПЕКнинг икки вакили маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Жазоирда 26—28 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Халқаро энергетика форумида «бирлашмага кирмайдиган мамлакатлар билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади», деди форумнинг ушбу делегатлари.
Аввалроқ The Wall Street Journal нефтни экспорт қилувчи мамлакатлар Жазоирдаги саммитда қазиб чиқаришни музлатиб қўйиш ғоясига қайтиши мумкинлигини маълум қилган эди. Шу билан бирга, газета бу масалада кўп нарса Россия музокараларда қатнашиш-қатнашмаслигига боғлиқ бўлишини ҳам таъкидлаган эди.
Сўнгги марта нефть қазиб чиқариш ҳажмини музлатиб қўйиш ғояси Қатар пойтахти Доҳада 17 апрель куни муҳокама қилинган эди. Учрашувга 18 та мамлакат делегацияси келган, музокараларнинг 19-иштирокчиси (Эрон) учрашув арафасида бу масалани муҳокама қилишдан бош тортган эди.
Изоҳ (0)