Туркиядаги Истанбул тижорат университети ректорининг 21 июль, пайшанба куни ҳибсга олиниши давомида полициячилар ўртасида қуролланган тўқнашув содир бўлишига бир баҳя қолди. «ТАСС»нинг Dogan агентлигига таяниб хабар беришича, ректор Нозим Экреннинг шахсий соқчилари уни қўлга олиш учун келган полициячиларга қурол қаратган.
Ректор соқчилари полициячиларга қаршилик кўрсатгач, ҳуқуқ-тартибот ходимлари отряди Туркия ИИВнинг махсус топшириқли отрядини ёрдамга чақирди. Қайд этилишича, тўқнашув вақтида ҳавога икки бор ўқ узилди. Ўқ товушлари университет ҳудудида ваҳима келтириб чиқарди, аммо ҳеч ким жабрланмади.
Нозим Экрен ва унинг икки нафар соқчиси махсус топшириқли отряд ходимларига таслим бўлди ва ҳибсга олинди. Ректор Туркияда ҳарбий тўнтаришга уринишни ташкиллаштиришда алоқадорликда гумон қилинмоқда.
16 июль воқеаларидан сўнг таълим соҳаси вакиллари ҳам ҳарбий тўнтаришга алоқадорликда гумон қилиниб, қўлга олинмоқда. Айни дамда тўрт мингга яқин мактаб ва университет ўқитувчилари ишдан четлатилди, баъзи олий ўқув юртларининг ўнлаб декан ва ректорлари ўз ишидан озод этилди.
Изоҳ (0)