Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда Райҳон Ғаниеванинг Instagram’даги обуначилари сони 500 мингдан ошди. Бу ҳақда «Qalampir.uz» хабар бермоқда.
Райҳон Instagram’да 500 мингдан зиёд обуначига эга бўлганлиги муносабати билан ушбу тармоқдаги саҳифасига махсус сурат юклаб, унга қуйидаги изоҳни бириктирди.
«Менинг ёнимда шунча йил бўлганингиз учун, ҳаётимдаги турли лаҳзаларда ёнимда турганингиз учун, менинг ижодимни кузатиб борганингиз учун, шунчаки ёнимда эканингиз учун раҳмат. Сизнинг изоҳларингиз ва қўллаб-қувватлашингиз мен учун жуда зарур. Ҳар бирингизни яхши кўраман ва қадрлайман!», – деб ёзди Райҳон.
«Qalampir.uz» таҳририяти Райҳон Ғаниеванинг Instagram’даги саҳифасида обуначилари сони 500 мингдан ошгани баҳонасида ўзбек шоу-бизнесининг таниқли аёлларининг ушбу ижтимоий тармоқдаги обуначилари сонини солиштирди.
Айни дамда Instagram’дан рўйхатдан ўтган ўзбек шоу-бизнесининг аёл вакиллари орасида Шаҳзода энг кўп обуначиларга эга экани маълум бўлди. Унинг обуначилари бугунги кунга келиб 720 мингдан ошган. Иккинчи ўринни эса Райҳон Ғаниева (501 минг) эгаллади.
Актрисалар орасида Асал Шодиева пешқадам. Instagram фойдаланувчиларининг 493 минг нафари унинг саҳифасига обуна бўлган. Хонанда Лоланинг ҳам обуначилари сони ортмоқда. Бугунги кунга келиб, Instagram’да уни 439 мингдан ортиқ фойдаланувчи кузатиб келяпти.
Кейинги ўринларни актриса Зарина Низомиддинова (419 минг), хонанда Муниса Ризаева (404 минг), «Ниҳол» мукофоти совриндори Манзура Йўлдошева (382 минг) ва хонанда Нилуфар Усмонова (377 минг) эгаллаган.
Изоҳ (0)