Нью-Йорк ҳукумати 33-кўчага вақтинчалик яқинда вафот этган таниқли боксчи Муҳаммад Али номини берди, деб ёзади «Интерфакс».
Ушбу кўча Нью-Йоркнинг Манхэттен туманида, Али саккизта жангини ўтказган «Мэдисон Сквер Гарден» зали яқинида жойлашган. Кўча айнан қанча муддатга қайта номлангани хабар қилинмаяпти.
«Бутун умри давомида у буюклик унвонини қайта-қайта ҳимоя қилди, бугун эса биз бу одамга шаҳримизнинг қоқ юрагида ўз ҳурматимизни изҳор этмоқдамиз», — деди Нью-Йорк мэри Билл де Блазио кўчанинг қайта номланиши муносабати билан тарқатган баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, 74 ёшли Муҳаммад Али 3 июнь куни Американинг Финикс шаҳридаги касалхоналардан бирида вафот этди, у ерга боксчи нафас олиш билан боғлиқ муаммолар туфайли етказилган эди.
Боксчининг дафн маросими 10 июнь, жума куни Кентукки штати Луисвилл шаҳрида ўтказилади.
Изоҳ (0)