Airbus компанияси вакили Штефан Шафрат компания Мисрга EgyptAir’нинг A320 самолёти ҳалокати сабабларини ўрганишда ёрдам беришни режалаштираётганини айтди, деб ёзади «Коммерсантъ».
«Биз самолётнинг топилган бўлакларини текширишда ёрдам бериш учун Қоҳирага техник экспертларимиздан бирини жўнатдик», — деди компания вакили. Унинг сўзларига кўра, Airbus, шунингдек, тегишли сўров олган тақдирда, Миср ҳукуматига «қора қути»ни расшифровка қилишда ҳам ҳамкорлик қилади.
Париждан Қоҳирага учаётган самолёт Греция ҳаво ҳудудига киргандан 20 дақиқа ўтиб, радарлардан ғойиб бўлди. MS804 рейси бортида 56 нафар йўловчи (улардан уч нафари бола) ва ўн нафар экипаж аъзоси бор эди. Уларнинг тақдири ҳозирча номаълум.
«Майадин» телеканали, EgyptAir авиакомпаниясидаги манбасига таяниб, самолёт Ўртаер денгизига қулаганини билдирганди.
Изоҳ (0)