Ўртаер денгизида топилган бўлаклар EgyptAir компаниясининг 19 май куни радарлардан йўқолган A320 самолётига тегишли эмас. Бу ҳақда Греция ҳаво хавфсизлиги қўмитаси раҳбари Атанассиос Бинис маълум қилди, деб ёзади Meduza.
«Топилган буюмлар экспертизаси уларнинг самолёт қисмлари эмаслигини кўрсатди», — деди у. Унинг сўзларига кўра, бу Миср ҳукумати томонидан ҳам тасдиқланган.
Атанассиоснинг баёнотини EgyptAir вице-президенти Аҳмед Адел ҳам тасдиқлади, аввалроқ Грециянинг Карпатос ороли яқинида топилган бўлаклар ғойиб бўлган самолётга тегишли эканлигини унинг ўзи маълум қилган эди.
Париждан Қоҳирага учаётган самолёт Греция ҳаво ҳудудига киргандан 20 дақиқа ўтиб, радарлардан ғойиб бўлди. MS804 рейси бортида 56 нафар йўловчи (улардан уч нафари бола) ва ўн нафар экипаж аъзоси бор эди. Уларнинг тақдири ҳозирча номаълум.
«Маядин» телеканали, EgyptAir авиакомпаниясидаги манбасига таяниб, самолёт Ўртаер денгизига қулаганини билдирганди.
Илгарироқ АҚШ разведкаси ҳалокатнинг асосий сабаби сифатида терактни кўраётгани хабар қилинган эди. Бундан ташқари, Миср фуқаролик авиацияси вазири Шариф Фатҳий террорчилик ҳужуми ақлга келаётган биринчи эҳтимол эканлигини тан олганди.
Изоҳ (0)