Америкалик палеонтологлар Юта штатида динозаврларнинг янги тури— Machairoceratops cronusi (центрозавринлар туркуми, цератопсидлар оиласи) тошқолдиқларини топди ва уларга тавсиф берди. Олимлар қолдиқларнинг ёшини 80—77 миллион йил деб баҳоламоқда, дея хабар беради «Интерфакс».
Machairoceratops cronusi илк бор 2006 йили Юта жанубидаги Гранд-Стэркейс Эскаланте қўриқхонасида аниқланганди. Бу ерда бўр даврига оид кўплаб жониворлар — акула, скат, тимсоҳ, тошбақа, динозаврлар, жумладан, цератопсидларнинг яна бир тури тошқолдиқлари сақланиб қолган.
Олимлар динозавр бош суяги қопқоғи, ён ва орқа қисмлари, бўйин косалари, шохларининг бир қисмини топган. Уларнинг тахминича, Machairoceratops cronusi узунлиги 6—8 метр, вазни эса 1—2 тонна бўлган. Улар 80—77 миллион йил аввал, бўр даври охирида яшаган.
Изоҳ (0)