Ўзбекистонлик Сабина Шарипова Туниснинг Ла-Марса шаҳрида якунига етиб бораётган, соврин жамғармаси 25 минг доллардан иборат ITF туркумидаги Open de la Marsa теннис турнирининг жуфтликлар баҳси бош соврини учун курашади, деб хабар бермоқда «Sports.uz».
Россиялик Виктория Кан билан тандем ҳосил қилган 21 ёшли ўзбекистонлик теннисчи ярим финалда италиялик Кристина Фернандо ва Анастасия Грималска дуэти устидан 6:3, 6:3 ҳисобида зафар қучиб, финал йўлланмасига эга бўлди.
Бунга қадар Шарипова/Кан тандеми илк даврада Дарья Чернецова (Беларусь) ҳамда Деа Хердзелас (Босния ва Герцеговина) дуэтини 6:0, 6:3, турнирнинг биринчи рақамли жуфтлиги – бразилиялик Лаура Пигосси ҳамда чилилик Даниэла Сегуэлни 5:7, 6:3, 10:5 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Ҳал қилувчи баҳсда Шарипова/Кан тандеми россиялик Виталия Диятченко ва қозоғистонлик Галина Воскобоевага қарши кортга чиқади.
Яккалик баҳсларида ҳам иштирок этган Сабина чорак финалда мусобақанинг иккинчи рақамли теннисчиси, франциялик Шеразад Рейксга қарши баҳс олиб борди. Халқаро теннис федерацияси расмий сайтининг маълум қилишича, ушбу беллашувда 6:4, 6:1 ҳисобида Рейкс ғалаба қозонди ва Ўзбекистон вакиласи яккалик баҳсларидаги иштирокини якунлади.
Изоҳ (0)