Футбол бўйича Англия Кубогининг финалида тўп сурадиган биринчи жамоанинг номи аниқ бўлди. Бу — «Манчестер Юнайтед».
Луи Ван Гал устозлик қилаётган клуб мавсум бошидан буён ўзи иштирок этган 5 та турнирнинг 4 тасида муваффақиятсизликка учраб, бирорта ҳам совринга эга чиқмаганди. Англия Кубогининг ярим финалида «Эвертон» мағлуб этилгач, «МЮ» мавсумни ҳеч бўлмаганда 1 та соврин билан якунлаш имкониятига эга бўлди.
Англия Кубоги регламентига мувофиқ ярим финал беллашувига ҳам финал бўлиб ўтадиган «Уэмбли» стадиони мезбонлик қилди. 86 064 нафар ишқибоз бевосита стадиондан кузатиб борган ўйиннинг сўнгги дақиқасида Антони Марсьяль ғалабага голини киритишга муваффақ бўлди.
Қайд этиш керак, учрашувнинг 57-дақиқасида «Эвертон»нинг бельгиялик ҳужумчиси Ромелу Лукаку пенальтидан аниқ фойдалана олмади.
Ярим финалнинг иккинчи ўйини эртага, 24 апрель куни «Кристал Пэлас» ҳамда «Уотфорд» клублари ўртасида бўлиб ўтади.
Англия Кубоги Ярим финал беллашуви 23 апрель, шанба
Изоҳ (0)