Ўзбекистонлик Жўрабек Каримов Қарши шаҳрида ўз якунига етган Karshi ITF Pro Circuit теннис турнирининг вице-чемпионига айланди.
Халқаро теннис федерациясининг маълум қилишича, финал баҳсида 17 ёшли ўзбекистонлик истеъдодли теннисчи беларуслик Илья Ивашкага қарши корта чиқди. Бир соату 35 дақиқа давом этган беллашувда 6:3, 1:6, 6:1 ҳисоби қайд этилиб, Ивашка фойдасига ҳал бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Жўрабек Каримов иккинчи даврада бельгиялик Сандер Жиллени 4:6, 6:4, 6:4, чорак финалда беларуслик Яраслав Шилани 6:3, 6:1 ҳамда ярим финалда ўзбекистонлик Ҳумоюн Султоновни 6:4, 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
«Sports.uz» интернет-нашрининг хабар беришича, Ўзбекистон вакили Санжар Файзиев билан тандем ҳосил қилган Жўрабек жуфтликлар баҳси финалида Сумит Нагал (Ҳиндистон) ва Чен Ти (Хитой Тайпейи) тандемига қарши баҳс олиб борди. Мазкур беллашувда ўзбекистонлик дуэт учрашувни муддатидан аввал якунлашга мажбур бўлди. Ўйин биринчи сетда 5:5 ҳисоби қайд этилганида тўхтатилди. Каримов/Файзиев жуфтлигининг ўйинни давом эттира олмаганлиги сабаби маълум қилинмади.
Шу тариқа, Каримов/Файзиев тандеми мусобақанинг жуфтликлар баҳси вице-чемпиони бўлди.
Изоҳ (0)