Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва «Пахтакор» футбол клуби массажчиси Анвар Бисеров вафот этди. Бу ҳақда ЎФФ ва «Пахтакор» ФК матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ Анвар Бисеров 3 февраль куни уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилган эди. «Championat.asia»нинг хабар беришича, 7 апрель куни Бисеровнинг жонсиз танаси топилган.
Жасад айнан қаердан топилганига аниқлик киритилмаган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, дафн маросими 8 апрель куни Наманган шаҳрида бўлиб ўтади.
«Анвар Бисеров жуда яхши инсон эди. Доимо кулиб юрар, ўзидан кичикларни ‘паҳлавон’ деб атарди», — деб ёзади «Championat.asia» нашри.
1969 йилда Анвар Бисеров фаолиятини «Навбаҳор» жамоасида бошлаб, 1996 йилда мазкур жамоа билан Ўзбекистон чемпиони бўлган, кейинчалик кўп йиллар давомида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасида иш олиб борган эди.
Изоҳ (0)