Тошкентнинг «Пахтакор» футбол клуби бош мураббийи Нўъмон Ҳасановнинг фикрича, Эроннинг «Тракторсози» клуби ўз ишқибозларининг қўллаб-қувватлаши эвазига «Пахтакор»ни мағлуб эта олди. Бу ҳақда ОФК расмий сайти хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, 6 апрель куни футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи 4-тур баҳслари доирасида Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Эронда «Тракторсози» клуби меҳмони бўлди. Ўйин 2:0 ҳисобида эронликлар фойдасига ҳал бўлди.
«Бугунги ўйинда ‘Тракторсозиъга омад кулиб боқди. Рақиб иккинчи бўлимда умуман бошқача ўйин кўрсатди, бунда жамоа ишқибозларининг ҳиссаси ҳам катта. Кейинги учрашувда яхшироқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз», — деди «Пахтакор» бош мураббийи.
«Кейинги босқичга чиқиш учун ‘Тракторсозиъда жуда яхши имконият бор. ‘Тракторсозиънинг захирадан майдонга тушган футболчилари ўйиннинг боришини ўзгартира олди. ‘Тракторсози’ — ажойиб ишқибозлари бор кучли жамоа», — деди Нўъмон Ҳасанов.
Изоҳ (0)