Хитойнинг энг йирик интернет компанияси — Alibaba Group жорий йилнинг апрель ойида ўзининг дастлабки «ақлли» автомобилини тақдим этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда, «Жэньминь Жибао» газетасига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Компания техник директори Ван Цзяннинг сўзларига қараганда, кроссовернинг деталлари «интернет-автомобиль» намойиши билан бир пайтда кўрсатилади. Машинанинг электр батареяси 160 минг километр йўл юрилганидан сўнг ҳам ўз қувватини 80 фоизгача сақлаб қола олиши айтилмоқда.
«Ақлли» автомобиль турли замонавий технологиялар, жумладан, компьютер, сенсор, коммуникация воситалари, автоматик бошқарув тизими билан жиҳозланади.
Автомобиль Shanghai Automotive Industry Corporation (SAIC) билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳага 800 нафар олим жалб қилинган.
Муқаддам автомобиль Roewe City SUV номини олиши мумкинлиги ҳамда 25 апрелдан 4 майгача ўтказиладиган Пекин автосалонида тақдим этилиши хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)