Ноодатий қўшиқлари ва тахаллуси билан танилган хонанда Каниза бу йил 40 ёшни қаршилади. Асл исми Шаҳризода Аҳмедова бўлган Каниза ўзига бувисининг исмини тахаллус қилиб танлаган. Доим муҳокамалар марказида бўлувчи, ижтимоий тармоқларни “ёндирувчи” хонанданинг ижоди бугунга келиб бир оз сокинлашган. Каниза ҳақида гап кетганда кўпчилик кузатувчилар уни очиқ кийимларига танқид, лицензия муаммоси ва турли жанжаллар билан ёдга олади.
“Менда санъаткорларнинг қони оқади”
Болалигидан санъат муҳитида улғайган Канизанинг бобоси таниқли актёр ва хонанда эди. Хонанданинг ўзи санъатга кириб келишини томирида санъаткорлар қони оқиши билан изоҳлайди.

— Томиримда санъаткорлар қони оқади. Бобом Ўзбекистон халқ артисти Муроджон Аҳмедов. Бобомнинг турмуш ўртоғи, яъни бувимнинг исми — Канизани ўзимга тахаллус қилиб олганман. Болалигимда саноқли санъаткорлар бўлган пайтда, кўпининг қўшиқларига ҳавас қилардим. Ҳаётда шу инсон қандай экан деб қизиқардим. Саҳнанинг ортида санъаткорнинг хулқи, гап-сўзи бошқача бўлади. Ёшлигимдан Насиба Абдуллаеванинг қўшиқларини жудаям яхши кўриб тинглаганман. Ўзини тутиши, мухлисларига борини бериши менга ёқарди. Насиба опа билан дуэт ҳам куйлаганмиз. У кишини бемалол устозим, яқин опам, жигарим дейман. Ўйлаганимдан ҳам зиёли инсон экан. Ўзимни кўп устоз кўрган санъаткорлардан бири, деб айта оламан. Муножот Йўлчиеванинг қўлида ҳам санъатдан таҳсил олганман, дейди Каниза.
Маълумот учун, Каниза — форсча исм бўлиб, жасур, довюрак, шаддод қиз маъносини англатади.
“Хонандаликдан ташқари фильмларда ҳам суратга тушганман”
Фарғонанинг Қўқон шаҳрида туғилган хонанда касб-ҳунар коллежига кириш мақсадида Тошкентга келган ва шу ерда ижодини бошлаган.

— 2001 йилда у Тошкентдаги Бенков номидаги рассомчилик коллежининг “Миллий либослар дизайни” факультетига ўқишга кириб, 20024 йилда моделер-дизайнер дипломини олганман. Ўқишни тугатгач мусиқага қизиқишим ортган ва 2006 йилдан яккахон тарзда ижодимни бошлаганман. Отабек Муталхўжаевнинг бир неча клипларида суратга тушганман. 2009 йилда ёш истеъдодлар учун таъсис этилган “Ниҳол” мукофоти билан тақдирланиб, Ўзбекистон Давлат консерваториясига имтиҳонсиз қабул қилинганман.
Хонандаликдан ташқари ўзимни актрисаликда ҳам синаб кўриб, “Сеҳрли узук” фильмида Фарангиз ролини ижро этганман. Аммо ҳозир юрагим жиз этадиган сценарий йўқ, шу сабабли ҳам кинода йўқман, дейди у.
“Тана рангида шим кийганим сабаб лицензиям тўхтатилди”
Канизанинг кийимлари доим танқидларга учраб келган. Бундан бир йил аввал хонанданинг тўйга жуда калта кўйлакда боргани тасвирланган видеолар тарқалганди.

— Мен шу вақтгача қонунга бўйсунган ҳолда, ундан чиқиб кетмаган ҳолатда кийиниб келганман. Avangard, яъни ноодатий стилда кийинаман. Бир тўйга тана рангида шим кийиб боргандим. Лекин одамлар “Каниза тўйга иштонсиз келди”, деб видео олиб, тарқатиб юборди. Шундан сўнг “Ўзбекнаво”дан қўнғироқ қилиб, изоҳ сўрашди. Кейин видеомурожаат қилиб, ўша кийимларимни кўрсатиб, “ақл-фаросатим жойида, иштонсиз борганим йўқ”, дея пост қолдирдим. Кейинроқ бир телеканал ҳиндча телешоуга таклиф қилди. У ерда тана рангига ўхшатиб кийим кийдим, рақсларини ҳам “ёрдим”. Совуқ жойда суратга олганимиз учун шундан кейин иситмалаб, ётиб қолдим. Съёмка вақтида телеканалнинг ўзи ҳам, суратга олиш гуруҳидагилар ҳам мени видеога олиб, гўёки мен очиқ сочиқ кийингандек тарқатишган экан. “Ўзбекнаво”дан қўнғироқ қилиб, мажлис бўлиши айтилди, мен боролмаслигимни айтдим. Маданият вазирининг ўринбосарларидан бири одоб-ахлоқ ҳақида шунақанги гапиряпти-ки, одамнинг ортидан сен кимсан ўзи дея мен ҳақимда жуда ёмон гаплар гапирган. Лицензиям олиб қўйилгани ҳақида гапиряпти, аммо ўзида одоб-ахлоқ қани? Адвокатим, юристим билан уларнинг олдига бордим. Қайси қонунга асосланиб лицензиям тўхтатилгани ҳақида савол беришса, улар тоғдан-боғдан келиб, тайинли жавоб беролмай қолди, дейди аччиқланиб Каниза.
“Кўрмоқчи бўлган одам Шакира ёки Женнифер Лопезни ҳам кўриб олаверади”
Каниза фақат у эмас, балки бошқа санъат вакиллари ҳам очиқ кийинишини айтиб, лекин фақат унинг лицензияси бекор қилинганидан аччиқланди.

— Нега фақат мен жазоландим, мендан баттарлари ҳам тиқилиб ётибди-ку. Керак бўлса, “Миллион”нинг фаҳшга тарғиб қилувчи саҳналари бор. Улар шундоқ ёпилиб кетадими? Улар неча кун концерт беради-ю, уни неча минг одам томоша қилади?! Умуман олганда, одамнинг ўзи ўзини тийишни билиши керак. Оиласида қандай тарбия берилса, ҳаммаси шунга боғлиқ. Мен бир куни ўтиб кетаман, балки шоу-бизнес ҳам тугаб кетар. Аммо интернет ривожлангандан ривожланяпти. Одам ўзи истаган пайтда телефон ёки телевизордан хоҳлаган нарсасини кўриб олиши мумкин. Шакирани ҳам, очиқ-сочиқ Женнифер Лопезни ҳам кўради. Олдин санъаткорлар ижод қилишдан қўрқмасди. Ҳозир ҳамма бачкана, комедия ёки драма жанридаги клиплар суратга олади. Клипмеркер ва режиссёрлар халқ шундан бошқа нарсани қабул қилмайди, дейди. Миллий санъатнинг опера эмас, айнан шоу-бизнес эстрадасида ривожланиш йўқ, дейди хонанда.
Кейинчалик Каниза лицензиясини қайтариб олгани акс этган суратни обуначиларига кўрсатди.
Канизани ҳақорат қилган кузатувчи жаримага тортилган
Хонанда Каниза ҳам ҳамиша муҳокамалар маркази бўлади. У ҳам бошқа шоу-бизнес вакиллари каби ижтимоий тармоқларда жуда фаол. Ҳозирда у Instagram саҳифасида икки миллионга яқин обуначига эга. Ижтимоий тармоқларда турли негатив ва ҳақоратлардан чарчаган хонанда ўтган йили Instagram’даги кузатувчиси билан судлашди.

— Биз демократик давлатда яшаймиз, мамлакатимизда рақс тушиш таъқиқланмаган. Ўз миллатдошим билан судлашиш менга ҳам ёқмайди. Аммо ҳеч қандай сабабсиз ҳақорат эшитгандан кейин ҳар қандай одамнинг асаби бузилади. Мен мусулмонман, ўзбекман деб кўкрак кераётган эркак наҳотки бир аёлни ҳақорат қилиш мумкин эмаслигини тушунмаса, дейди Каниза.
Instagram фойдаланувчиси Канизанинг саҳифасига кириб, видеоларининг бири изоҳида уни “ҳаромисан” дея ҳақорат қилган. Хонанда уни судга берган ва Instagram кузатувчиси Маъмурий кодекснинг 41-моддаси билан айбдор деб топилиб, базавий ҳисоблашнинг 20 баравари, яъни 68 миллион сўм жарима қўлланилган Каниза бу суд иши орқали бошқа негативлар ҳам ўзларига тегишли хулоса чиқариб олиши кераклини айтган.
Хонанданинг ранг-баранг ижоди

Канизанинг ижодидаги қўшиқлар мавзуси турлича. У кўпроқ мухлислари юзига табассум улашувчи мавзуларда куйлайди. Ижодининг илк йилларидаги “тоғаси, аммаси, холаси” ҳақида “Ҳаммасигаям” қўшиғи унинг ташриф қоғозига айланган. Кейинчалик Каниза “Ҳожи ака”, Луиза Расулова билан биргаликда “Лилла”, “Журналистлар”, “Шақиллама” каби қўшиқлар куйлаб, 2017 йилда Алишер Узоқов режиссёрлигида “Малина” қўшиғига клип суратга олган.
Каниза фарзандли бўлгач, пластик жарроҳлик амалиётини ўтказди
2022 йилнинг май ойида хонанда Каниза Instagram саҳифасига келин кўйлакдаги суратларини жойлаб, етти йиллик синовлардан сўнг севган инсони билан оила қурганини ошкор этди. Орадан кўп вақт ўтмай у ҳомиладор эканини маълум қилганди.

— Ҳомиладорликнинг илк ойларида бир оз қийналдим. Аммо кўп ўтмай токсикоз асоратлари йўқолди. У пайтда тўй-хизматларига ҳам камроқ боришга ҳаракат қилдим. Ҳозир ҳомиладорликнинг 5 ойидан ўтдим. Аммо ҳаммаси жойида. Пиёда суришни ва енгил жисмоний машқлар билан шуғулланишни канда қилаётганим йўқ, деганди хонанда ҳомиладорлик даврида.
-0RWE_ULC.avif)
Каниза 2022 йилнинг сўнгги ойларида қиз фарзандли бўлди ва қизалоғига Аиша деб исм қўйди. Фарзандли бўлганидан бир ой ўтиб эса пластик жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганини маълум қилди.
Каниза ўтган йили апрель ойида Макка шаҳрига бориб, муқаддас Умра амалини адо этиб келди. У сафар чоғида тушган суратларини саҳифасига жойлаб, “Руҳимни дам олдиряпман”, деган.

Изоҳ (0)