Чеченистонда республика раҳбари Рамзан Қодировга қарши қаратилган суиқасд олди олинди. Бу ҳақда, «Грозний» телекомпаниясига асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.
Ҳуқуқбузарлар — аргунлик ёшлар ҳибсга олинган. «Уларнинг ёвуз мақсади очиқ кўриниб турган бўлса-да, республика раҳбари бу ёшларни кечирди ва уларга ўзини оқлаш учун имконият берди», — дейилади телекомпания хабарида.
Қодировнинг ўзи Instagram’даги саҳифасида маълум қилишича, у 1 ноябрь куни «аргунликларнинг катта гуруҳи билан беш соатдан ортиқ суҳбатлашган. Маълум бўлишича, 20 га яқин киши ваҳҳобийлик ғояси атрофида бирлашган. Уларнинг миясини бир чаласавод имом заҳарлаган», деб ёзади Қодиров.
Чеченистон раҳбарининг сўзларига кўра, ўсмирларга «Рамзан Қодиров ваҳҳобийликнинг асосий душмани дея тинимсиз уқтирилган». Қодиров Аргундаги учрашувга ҳибсга олинган ёшларнинг ота-оналари ва қариндошларини таклиф қилиб, «уларнинг фарзандлари нималар билан шуғулланаётганини батафсил сўзлаб берган».
Қариндошлар «Рамзан Қодировнинг нуқтаи назарини тўла қўллаб-қувватлаб, фарзандларининг хулқ-атворини қатъий назорат қилишга ваъда берди. Ўз навбатида, ёшлар ўзини оқлаш учун берилган имконият учун Рамзан Қодировга миннатдорчилик билдирди», дея хулоса қилади телекомпания.
Рамзан Қодиров бундан аввал ҳам ўзига қарши суиқасдлар тайёрлангани ҳақида бир неча бор хабар берган. 2015 йил мартида Қодиров уни икки доғистонлик ўлдирмоқчи бўлгани ҳақида маълум қилганди. Июль ойида охирида эса жангарилар гуруҳи унинг жонига қасд қилишни режалаштирганини билдирганди.
Изоҳ (0)