Қочоқлар ва фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган шахсларга энг минимал ёрдамни кўрсатиш учун жаҳон инсонпарварлик ташкилотларига 20 миллиард долларга яқин маблағ зарур. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
БМТнинг Кавказ, Марказий Осиё ва Украинадаги гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича минтақавий офиси бошлиғи Марсель Вассеннинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда бутун дунё бўйича кўчишга мажбур бўлган кишилар сони 60 миллионни, уруш ва табиий офатлардан жабр кўраётганлар сони эса 100 миллионни ташкил этади.
«Бу одамларга ўз оиласини боқиш учун ҳар куни пул керак. 2004 йили энг ўткир гуманитар талабларни қондириш учун 3 миллиард доллар керак эди, шундан бери мазкур кўрсаткич 430 фоизга ошди ва ҳозирда 20 миллиард долларга яқинлашиб қолган. Бу рақам мунтазам ошиб бормоқда», — деди БМТ вакили.
Унинг қайд этишича, «талаблар» энг ўткир эҳтиёжлар: озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш, «одамлар очиқ осмон остида эмас, ҳеч бўлмаса чодирларда яшаши учун» вақтинчалик бошпанани назарда тутади. «Инсонпарварлик ташкилотлари яккаликда бундай кўламдаги ёрдамни кўрсатишга қодир эмас, шу сабабли БМТ бутун жаҳон бўйлаб, хусусан, «хусусий сектор»даги ҳамкорлар билан ишлайди», — деди Вассен.
Изоҳ (0)