Германиянинг Саксония-Анҳалт ери Волмирштедт шаҳридаги бўлажак стадион ўрнида археологлар 332 та иншоотдан иборат бронза даврига оид шаҳар изларини топди. Қазишмалар натижасида бу ерда уч минг йилдан ортиқ вақт олдин одамлар яшаганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда La Brújula Verde (LBV) илмий-оммабоп манба хабар бермоқда.

Археологик ишлар 2025 йил июнь ойидан бери Саксония-Анҳалт ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва археология давлат бошқармаси раҳбарлигида 21 минг квадрат метр майдонни қамраб олган. Ҳозирга қадар бутун ҳудуднинг бешдан бир қисми ўрганилиб, 322 та археологик объект қайд этилган ва мингдан ортиқ артефактлар - сопол парчалари ва бронза узукларидан тортиб уй ҳайвонлари суяклари ва суяк бигизларигача топилган.
Воқеа жойида турар жой бинолари, дон омборлари ва хўжалик иншоотлари қолдиқлари аниқланган. Ярим ерости устахоналаридан бирида археологлар вертикал тўқув дастгоҳининг тошларини топган. Бу эса маҳаллий тўқимачилик ишлаб чиқариши мавжуд бўлганлигини кўрсатади. Шунингдек, олимлар узунлиги камида олти метр ва эни тўрт метр бўлган бинони қисман қайта тиклашга эришишган.

“Энг ғалати топилмалардан бири, эҳтимол ўчоқ вазифасини бажарган чуқурдаги Европа ботқоқ тошбақасининг косаси бўлди. Бу минтақада илк бор қайд этилаётган тошбақа гўштининг истеъмол қилинганидан далолат бериши мумкин”, дейди мутахассислар.
Таъкидланишича, ушбу ҳудуд бронза даври Скандинавия доираси маданиятлари ва Лужица маданиятининг туташган жойи бўлган. Бу топилмаларда ҳам ўз аксини топган: сопол буюмлар орасида даврнинг маҳаллий этномаданий гуруҳларига хос бўлган улкан сақлаш идишлари, овқат пишириш учун кўзалар ва безатилган косалар мавжуд.

Олимларнинг энг катта эътиборини ғайриоддий дафн усули тортган. Собиқ ахлат чуқурларидан бирида бўйи тахминан 170 см бўлган бақувват эркакнинг скелети топилган.
“У бошини буриб, букчайган ҳолда ётарди. Дафн этишнинг бундай усули ўша давр анъаналарига - жасадни куйдириш ва кулни манзилгоҳлардан ташқарида кўмиш одатларига зид”, дейди археологлар.
Тадқиқотчиларнинг тахминига кўра, бу алоҳида маросим, иккиламчи дафн ёки ижтимоий мавқе белгиси бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)