Кўринмас плашч ҳақидаги эртаклар ҳақиқатга айланган кўринади. Ҳозирча унинг имкониятлари чекланган, бироқ плашч муаллифларининг таъкидлашича, улар ҳақиқатан ҳам одамларни кўринмас қилиб қўядиган кийимни таклиф қила олади. Бу ҳақда BigPicture хабар беради.
Берклидаги Калифорния университетининг америкалик бир гуруҳ олимлари илмий фантастикада тасвирланган кўринмас плашчга максимал даражада яқин бўлган прототипни яратди. Ишлаб чиқилган тизим ҳозирча фақат микроскопик объектларни кишилар нигоҳидан яшира олади.
Янги плашч ёруғликни акслантириш тамойилига асосланади, бироқ бунда кузатувчи объект ортидаги тасвирни ҳам кўра олади.
Олимлар бу технологик ишланманинг ҳам ҳарбий, ҳам фуқаролик соҳасида қўлланилишига умид қилмоқда. Яқин 5—10 йил ичида тадқиқотчилар яратилган усулни янада каттароқ объектларга мослаштиришни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ германиялик олимлар ҳам ичидаги одамни бошқаларнинг кўзидан яшира оладиган кўринмас ёпинчиқ ихтиро қилганини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)